Версия для слабовидящих

2020 йил glavnaya

Меҳнат мигрантларига паст ставкадаги кредитлар ажратилади

Президент меҳнат мигрантларига йўл ҳақи, патент ва суғурта харажатлари учун 10 миллион сўмгача паст ставкада кредитлар ажратиш бўйича кўрсатмалар берди. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги филиаллари хорижий иш берувчилар билан бевосита шартнома тузиш, миграция хизматлари билан музокаралар ўтказиш ҳуқуқига эга бўлади.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 17 август куни хорижда меҳнат қилаётган фуқароларга муносиб шарт-шароитлар яратиш ва улар билан тизимли ишлаш юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълумотга кўра, мамлакатда ҳар йили 600−700 минг аҳоли меҳнат бозорига кириб келади. Иқтисодиёт тармоқларини ва ҳудудларни ривожлантириш бўйича кўрилаётган чоралар натижасида йилига 500 минггача иш ўрни яратилмоқда. Шунинг учун, қарийб 200 минг кишининг бандлигини ташқи меҳнат миграцияси орқали таъминлашга тўғри келмоқда, дейилади хабарда.

Йиғилишда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда ҳокимликларга чет элдан қайтган фуқароларга касби, малакаси ва режасидан келиб чиқиб, иш топишига кўмаклашиш бўйича топшириқлар берилди.

 Хорижда ўзбекистонликлар муносиб шароитларда меҳнат қилиши учун йирик иш берувчи компаниялар билан алоқаларни кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди. Бунинг учун, аввало, ўша корхоналар талабига мос малакага эга ва тил биладиган мутахассислар тайёрлаш зарур.

Шу боис бу борада янги тизим жорий этилиши белгиланди. Яъни, ҳудудлардаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги филиалларининг ваколатлари кенгайтирилиб, уларга хорижий иш берувчилар билан бевосита шартнома тузиш, миграция хизматлари билан музокаралар ўтказиш ҳуқуқи берилади. Бу филиаллар раҳбарлари вилоят ҳокимининг ёрдамчиси ҳисобланади.

Мутасаддиларга хорижий давлатлардаги йирик иш берувчилар билан музокара ўтказиб, ишчи ва мутахассислар юборишни кўпайтириш, меҳнат мигрантларига йўл ҳақи, патент ва суғурта харажатлари учун 10 миллион сўмгача паст ставкада кредитлар ажратиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Йиғилишда чет элда ишлашни истаган фуқароларнинг малакасини ошириш, бунинг учун касб-ҳунарга ўқитиш марказлари, махсус курслар ва моно-марказлар ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди. Бу масканлардаги ўқув дастурлари, малака кўникмаларини хорижий иш берувчиларнинг талабига мослаштириш муҳимлиги таъкидланди.

Давлат раҳбари меҳнат мигрантлари ҳаёти ва соғлиғини суғурталаш учун Хориждаги фуқароларни ҳимоя қилиш жамғармасидан маблағ ажратиш бўйича кўрсатма берди.

Шунингдек, чет эллардаги меҳнат миграциясига оид тартиб-таомилларни фуқаролар учун енгиллаштириш, ўзбекистонликлар кўп ишлайдиган шаҳарларда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ваколатхоналарини очиш бўйича топшириқлар берилди. Хориждаги фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, бу бўйича онлайн платформа ва «кол-марказ» ташкил этиб, малакали адвокатларни жалб қилиш вазифалари қўйилди.

Президент мамлакат элчихоналари ўзга давлатлардаги ватандошлар диаспоралари билан алоқаларни мустаҳкамлаши лозимлигини алоҳида таъкидлади. Юртпарварлик, меҳр-оқибат ҳисси билан хориждаги фуқароларга ёрдам бериб келаётган шахсларни эътироф этиш, давлат мукофотлари билан тақдирлаш бўйича таклифлар билдирилди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига ҳокимликлар билан бирга хорижга ишлашга кетган юртдошларнинг оиласидан доимий хабар олиб, ота-онасининг соғлиғи, фарзандларининг ўқиши ва бошқа эҳтиёжларига кўмаклашиш вазифаси қўйилди.

Хорижда ишлаб, малака орттириб қайтган фуқароларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш зарурлиги таъкидланди. Бунинг учун сектор раҳбарлари, меҳнат ва маҳалла идоралари вакиллари ўз ҳудудидаги шундай ташаббускорлар рўйхатини шакллантириб, уларнинг бизнес лойиҳаси билан танишади. Рўйхатдан ўтишга кўмаклашиб, 3 ойгача ижара тўловлари бўйича субсидия берилади. Шунингдек, тадбиркорликни бошлаш учун кредит ресурслари ажратилади ҳамда банк кредитлари таъминоти бўйича суғурта полиси харажатларининг бир қисми қоплаб берилади. Бу мақсадларга Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан йил якунига қадар 25 миллиард сўм, кредитлар учун 100 миллиард сўм ажратилади.

Хабарга кўра, хорижда ишлаётган фуқароларнинг меҳнат стажини ҳисобга олиш тизимида атиги 4,5 минг нафар киши рўйхатга олинган. Шу боис мутасаддиларга ўзини ўзи банд қилган шахсларни рўйхатга олиш ва меҳнат стажини ҳисоблаш тизимини мигрантлар учун ҳам татбиқ этиш бўйича кўрсатма берилди.

Бош вазир ўринбосарларига ташкиллашган миграция бўйича иқтисодий, молиявий ва ташкилий-ҳуқуқий кўмак тизимини жорий этиш юзасидан алоҳида дастур ишлаб чиқиш вазифаси топширилди. Унда мамлакатда касб ва тилга ўргатиш, хорижда ишлаш кўникмаларини шакллантириш, йўлкира, патент, суғурта, пенсия ва кредит масалалари қамраб олинади. Шунингдек, ҳукуматлараро комиссиялар доирасида хориждаги ўзбекистонликларга муносиб шароит яратиш, чет элдаги банклар орқали уларни кредитлаш механизмлари назарда тутилади.

Print Friendly, PDF & Email
loading