Жорий йилнинг 29 август куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида давлатимиз мустақиллигининг 28 йиллигига бағишланган “Миллат ва элат вакиллари ўртасида маданий-маърифий ва тарғибот ишларнинг аҳамияти” мавзусида ОАВ ходимлари учун брифинг ўтказилди.
Анжуманда Республикамизда фаолият олиб бораётган ОАВ ходимлари, МММлар раҳбарлари ва фаоллари, вазирлик ва ташкилотлардан таклиф этилган меҳмонлар иштирок этишди.
Мавзу бўйича Қўмита раиси Рустамбек Курбанов йиғилганларни яқинлашиб келаётган мустақиллигимизнинг 28 йиллиги билан самимий қутлаб, Қўмита фаолияти билан таништирди.
Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини ривожлантириш, миллатлараро ва конфессиялараро ҳамжиҳатликни, жамиятда фуқаролар тотувлигини мустаҳкамлаш, барча фуқароларга миллати ва диний эътиқодидан қатъи назар, тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратиш, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш Ўзбекистонда давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналишларидан бири этиб белгиланганни таъкидланди.
Бугунги кунда республикамизда фаол “халқ дипломатияси” асосида чет элдаги ватандошларимиз билан мунтазам ва ўзаро фойдали муносабатларни йўлга қўйиш, хорижий мамлакатлар билан дўстона муносабатларни ва маданий-маърифий алоқаларни мустаҳкамлаш орқали ўз фаолиятини Ўзбекистонда яшаб келаётган барча миллат ва этник диаспораларнинг тарихи, маданияти, маънавий қадриятлари, миллий анъаналари ва урф-одатларини сақлаш ҳамда ҳар томонлама ривожлантириш тамойилларига асосан олиб бораётган 138 та миллий маданий марказлар, 35 та дўстлик жамиятлари мувафаққиятли фаолият юритиб келмоқда.
Тадбирда мамлакатимизда фаолият олиб бораётган миллий маданий марказлар раҳбарлари байрамга тайёргарлик ишларининг бориши ҳақида маърузалар қилишди.
Республика Озарбайжон миллий маданият маркази раиси Фирдуси Гусейнов ўз нутқида юртимизда қадимдан кўп миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқ яшаб келмоқда деди. Республика Озарбайжон миллий маданият маркази Ватанимиз бўлган Ўзбекистонда на фақат миллий маданиятимиз, тилимиз, урф –одатларимиз, ва барча бошқа қадриятимизни, шу жумладан, диний мансубиятимизни хам асраб авайлаб келмоқдамиз. Чунки ҳар бир инсоннинг диний эътиқоди, уни ўз халқи, ота – бобоси, ўтмиши ва келажак авлодлари билан бир-бирига боғлаётган маънавий занжирининг энг муҳим бандларидан биридир.
Халқимизга хос бўлган диний бағрикенглик туфайли юртимизда турли дин вакиллари ёнма-ён, тинч-тотув яшаб келмоқда. Ҳар ким ўз эътиқодига амал қилиб, бу ҳуқуққа бошқалар ҳам эга эканини эътироф этиши чин маънодаги бағрикенгликдир. Бу фазилат халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган дея таъкидлади.
Ўзбекистон Корейс маданий марказлари ассоциацияси раиси Виктор Пак ўзининг маърузасини узоқ ўтмишдаги корейс миллатига қарши қўлланган зулмлар сабабли Ўзбекистон заминига келиб шу ерда қўним топганликларини чуқур ҳаяжон билан баён этди. Шунда бағрикенг ўзбек халқининг корейсларга кўрсатган меҳрибонликлари, Иккинчи Жаҳон уруши йилларида турли миллат вакилларининг етим болаларини асраб, ўз фарзандларидек парвариш қилгани ва шу каби чин инсонийлик фазилатларни ўсиб келаётган ёш авлодга сингдириш кераклиги ҳусусида фикр юритди.
Шунингдек, Республика Украин маданий маркази раиси Владимир Бойко, Рус маданий маркази раиси Сергей Миронов ўз маърузаларида биз яшаётган бугунги даврнинг ўзи давлатимиз мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, мамлакат атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва яқин қўшничилик муҳитини яратишга қаратилган пухта ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий сиёсатни юритиш, шунингдек, аҳоли, айниқса, ёшлар онгида инсонпарварлик қадриятларини, турли миллат вакиллари ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш, бу борада амалга оширилаётган ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришни тақозо этмоқда. Улар юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли илоҳотларни амалга тадбиқ этишда мамлакатда истиқомат қилаётган турли миллат вакиллари юртимиз келажаги, унинг равнақи учун ўзларининг ҳиссларини қўшадилар деб ишонч билдиришди.