Мамлакатимизда 9–16 ноябрь кунлари “16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни”га бағишлаб “Маърифат ва миллатлараро бағрикенглик” шиори остида ўтказилаётган Бағрикенглик ҳафталиги доирасида жорий йилнинг 11 ноябрь куни Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан Республика маънавит ва маърифат маркази, Миллий маданий марказлар раҳбарлари ва фаоллари, Ёшлар иттифоқи вакиллари иштирокида “Миллатлараро ҳамжиҳатлик – Ватанимиз тинчлиги ва гуллаб-яшнаши гарови” мавзусидаги давра суҳбати ўтказилди.
Айтиш жоизки, халқаро ва минтақавий муносабатларда давом этаётган глобаллашув, дунёда иқтисодий, сиёсий, миллий, диний ва бошқа зиддиятлар кучайиб, ахборот маконларида қарама-қарши кураш ортиб бораётган бир шароитда миллатлараро тотувлик ва конфессиялараро бағрикенгликни таъминлаш нафақат Ўзбекистон, балки дунёнинг барча мамлакатлари учун долзарб масала бўлиб қолмоқда.
Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси Миллий маданий марказлар ва Дўстлик жамиятлари билан ҳамкорликда юртимизда миллатлараро ҳамжиҳатликни таъминлаш, дўстлик муҳитини ва кўп миллатли катта ягона оила туйғусини мустаҳкамлаш, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришга доир чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда.
Давра суҳбатини Қўмита раиси Рустам Курбанов очиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 ноябрдаги ПФ–5876-сонли Фармони билан тасдиқланган 2019–2021 йилларда Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилаётган “Миллатлараро ҳамжиҳатлик – Ватанимиз тинчлиги ва гуллаб-яшнаши гарови” мавзусидаги давра суҳбатида Миллий маданий марказлар ва Дўстлик жамиятларининг аҳоли, шу жумладан болалар ва ёшларда фуқаролик бурчини англаш, ватанпарварлик, шаън ва қадр-қиммат, фуқаролик масъулияти, шунингдек, бағрикенгликка асосланган миллатлараро муомала маданияти ҳис-туйғусини мустаҳкамлашга қаратилган фаолияти ҳамда соҳага оид қатор муҳим масалалар муҳокама қилинишига эътиборни қаратди.
Маърузачи Ўзбекистон Республикаси ўзининг ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг тили, урф-одати ва анъаналарига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, уларни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратилишини кафолатлаган ҳолда Ўзбекистон халқининг тарихи ва анъаналарини ўрганиш бўйича таълим, ахборот ва маданий-маърифий чора-тадбирлар комплексини амалга ошираётганлигини таъкидлади.
Тадбир иштирокчилари ўз маърузаларида ҳозирги вақтда дунёнинг турли минтақаларида миллатлараро ва динлараро кескинлик кучайиб бормоқда, миллатчилик, диний муросасизлик бош кўтармоқда. Шу сабабли юртимизда ҳукм сураётган дўстлик ва бирдамлик муҳити – тинчлик ва барқарорлик, амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини янада юксалтиришнинг энг муҳим омили эканлиги хусусида фикр юритдилар.
Ўтказилган тадбир аҳолини, айниқса ёш авлодни республикамизда яшаб турган миллат ва элат вакилларининг тили, маданияти, анъаналари ва урф-одатларини сақлаш ва ривожлантиришга фаол жалб этишга, мамлакатимиз тараққиётига ўз ҳиссасини қўшишга, жамиятда кўп миллатли катта оила туйғусини, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.