Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларнинг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги ПФ-6247-сон Фармони” ижроси юзасидан жорий йилнинг 17 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий давлатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасининг 2022 йил фаолиятига оид ҳисоботни кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш мақсадида ОАВ вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этилди.
Унда юртимизда фаолият олиб бораётган ОАВ вакиллари, Қўмита раҳбарияти ва мутасадди ходимлри, миллий миаданий марказлар раислари иштирок этишди.
Давлатимиз миллий сиёсатининг энг муҳим, устувор йўналишларидан бири барча миллатларнинг равнақи учун тенг шароит ва имконият яратишдан, миллатлараро муносабатларни уйғунлаштиришдан иборат.
Миллий сиёсатни бевосита ҳаётга татбиқ этаётган ташкилотлардан бири Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳисобланади.
Бугунги кунда Қўмита мамлакатимизда фаолият юритаётган жами 152 та миллий маданий марказ, 38 та дўстлик жамияти ва хориждаги ватандошларнинг 38 та жамияти билан ҳамкорлик қилиб, Ўзбекистондаги барча миллатлар ва элатларнинг тарихи, маданияти, маънавий қадриятлари, анъана ҳамда урф-одатларини асраш ва ҳар томонлама ривожлантириш, миллатлараро муносабатларни уйғунлаштириш, жамият ва давлатни барқарор ривожлантиришга катта ҳисса қўшиб келмоқда.
Қўмита «халқ дипломатияси» механизмидан фаол фойдаланган ҳолда тинч ва фаровон ҳаётни асраш, хорижий мамлакатлар билан дўстона муносабатлар ва маданий-маърифий алоқаларни ривожлантириш, чет элдаги ҳамюртлар билан яқин ва ўзаро манфаатли муносабатларни йўлга қўйишга салмоқли ҳисса қўшмоқда.
Матбуот анжуманида Қўмита раиси ўринбосари Азамат Тошев ўз нутқида Қўмита томонидан 2022 йил давомида ҳамда амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот берди. Жумладан, ўтган йили миллатлараро муносабатлар соҳасида ҳуқуқий асосни такомиллаштиришга қаратилган Қўмита томонидан 2022 йилда 14 та концептуал ҳужжат лойиҳаси тайёрланди. Хусусан, 1 та қонун, 1 та Президент Фармони ва қарори, 11 та ҳукумат қарори ва фармойиши лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Ўтган йили 30 июль — Халқлар дўстлиги куни юртимизда кенг нишонланди. Байрам муносабати билан 30 нафар турли миллат вакиллари давлат мукофотлари ҳамда 283 нафар юртдошлар ва хорижий ҳамкорлар, 39 нафар фаол ватандошлар “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони билан тақдирландилар. А.Тошев шунингдек, жорий йилда амалга ошириладиган режалар хусусида ҳам маълумот бериб ўтди.
Қўмита раиси маслаҳатчиси Зафар Аҳмедов тадбир қатнашчиларига хорижий мамлакатлар билан алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган ишлар юзасидан маълумот берди. Жумладан, 2022 йилда Ўзбекистоннинг турли давлатлар билан кенг қамровли битимлари ижросини таъминлашда миллатлараро муносабатлар йўналишида ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга бағишланган дўстлик жамиятлари, хориждаги ҳамкор ва турдош ташкилотлар билан ҳамкорликда 100 га яқин тадбирлар ўтказилди, шундан 14 та халқаро конференция ва 8 та симпозиум ва 15 та семинарда иштирок этилди, 5 та кўргазма, 4 та викторина, 20 та давра суҳбати (шу жумладан, онлайн), 13 та учрашув, 12 та делегация ташрифи ташкил қилинди. Тадбирлар 100 дан ортиқ маҳаллий ва хорижий ОАВ ларда ёритилди.
Анжуманда жамиятда кўп миллатли катта оила ҳис-туйғусини, мамлакатимизда яшаётган турли миллат ва элат вакиллари ўртасида дўстлик ва тотувликни янада мустаҳкамлаш мақсадида 2022 йилда Қўмита ҳамкорлигида миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари иштирокида республика миқёсида Қўмита томонидан Республикамизда фаолият кўрсатаётган миллий маданий марказлар ва ҳамкорлар билан биргаликда 2022 йил давомида жами 8177 та тадбир ўтказилди.
Жумладан, 535 та конференция, 1636 та давра суҳбати, 590 та семинар,
877 та форум ва фестиваль, 1517 та танлов ва кўргазма, 3004 та маданий-маърифий тадбир ва 18 та ҳисобот-сайлов конференцияси ташкил этилди. Бундан 585 таси республика ва 3065 таси вилоят миқёсида ўтказилган тадбирлардир.
Қўмита матбуот котиби Ғайратулла Шукуров мамлакатимизда миллатлараро тотувликни таъминлаш йўналишида Қўмита ахборот хизмати томонидан амалга оширилган ишлар и юзсидан маълумот берди.
Матбуот анжумани якунида тадбир қатнашчилари журналистларни қизиқтирган саволларига жавоб беришди.