2021 йил glavnaya Мероприятия

Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасининг фаолиятига бағишланган матбуот анжумани

Жорий йилнинг 25 февраль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий давлатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси фаолияти таҳлилига бағишланган ОАВ вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этилди.

Унда республикада фаолият олиб бораётган миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари раҳбарлари, таклиф этилган меҳмонлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди. Тадбир “Ўзбекистон 24” ва “Узрепорт” телеканаллари орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилиб борилди.
Миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кенгайтириш Президентимиз Ш.Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида устувор вазифа этиб белгиланди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 майдаги ПФ–5046-сонли Фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил этилган.

Қўмита раиси Рустамбек Курбанов ташкилот фаолияти ҳақида маълумот берди. Бугунги кунда Қўмита мамлакатимизда фаолият юритаётган жами 147 та миллий маданий марказ ва 38 та дўстлик жамияти билан ҳамкорлик қилмоқда. Шундан 4 та миллий маданий марказ ва 2 та дўстлик жамияти 2020 йилда ташкил этилган.

 

Қўмита раиси ўринбосари Азамат Тошев ҳисобот даврида Миллий маданий марказлар билан ҳамкорликда амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот берди. Қўмита томонидан 2020 йилда Миллий маданий марказлар иштирокида республика миқёсида 1529 та тадбир ўтказилди. Шулардан 100 та илмий-амалий конференция ва семинар, 287 та давра суҳбати, 78 та кўргазма, 1047 та мусиқий-бадиий кеча ва концертлар, 12 та ҳисобот сайлов учрашуви, 3 та форум, 2 та халқаро конференция ташкил этилди. Хусусан, 2020 йил 9–16 ноябрь кунлари юртимизда “Маърифат ва миллатлараро бағрикенглик” шиори остида “Бағрикенглик ҳафталиги” ўтказилди.

   

Қўмитанинг давлат ижтимоий буюртмасига асосан 2020 йилда Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятларини қўллаб-қувватлаш учун 600 млн. сўм маблағ, шунингдек 1,45 млрд. сўмлик грант ажратилди. Этномаданий инфратузилмани ривожлантириш мақсадида 2020 йилда фойдаланишга топширилган Самарқанд шаҳридаги “Нурафшон” дўстлик уйи, Тошкент вилояти, Юқоричирчиқ туманидаги “Миллатлар дўстлиги” маданият саройи, Чиноз туманидаги “Эшонобод” маданият саройи, Дўстобод шаҳридаги қайта таъмирланган “Авлиё Покровская” аёллар монастри ҳамда Чирчиқ шаҳридаги “Авлиё Георгий” эркаклар монастри Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясининг амалий ифодасидир.

Бугун Қўмита «халқ дипломатияси» механизмидан фаол фойдаланган ҳолда тинч ва фаровон ҳаётни асраш, хорижий мамлакатлар билан дўстона муносабатлар ва маданий-маърифий алоқаларни ривожлантириш, чет элдаги ҳамюртлар билан яқин ва ўзаро манфаатли муносабатларни йўлга қўйишга салмоқли ҳисса қўшмоқда.
Қўмита бўлим бошлиғи Феруз Беков дўстлик жамиятлари ва ватандошлар билан алоқаларга тўхталиб ўтди. Гуманитар, маданий, маърифий ва ахборот соҳаларида хорижий мамлакатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида Дўстлик жамиятлари томонидан хорижий мамлакатлардаги ҳамкор ташкилотлар билан 21 та (Корея, Россия, Қирғизистон, Мўғулистон, Тожикистон, Қозоғистон, Хитой, Болгария) меморандум имзоланди.
Дўстлик жамиятлари билан ҳамкорликда онлайн тизимида 80 та халқаро семинар, давра суҳбати ва конференциялар ўтказилди. Дўстлик жамиятлари аъзолари билан ҳамкорликда 17 та (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон, Хитой, Мўғулистон, АҚШ, Финляндия) хорижий давлатларга делегациялар сафарлари доирасида 51 та давра суҳбати ўтказилди.

Давлат ва маҳаллий ҳокимият органлари томонидан Андижон, Фарғона, Навоий, Қашқадарё, Жиззах, Сурхондарё, Сирдарё, Хоразм вилоятлари ва “Дўстлик уйлари” ташкил этилди.
Чет элдаги ватандошларимиз билан мунтазам алоқалар йўлга қўйилди. Дунёнинг 14 мамлакатида истиқомат қилаётган ватандошларимиз томонидан тузилган 27 та ташкилот, 8 та хорижий давлатлардаги 13 та турдош ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалар ўрнатилди, 17та давлатдан 37та делегациялар қабул қилинди. Миллатлараро муносабатлар соҳасида давлат сиёсати амалга оширилиши учун масъул бўлган давлат органлари фаолияти устидан жамоат назоратини кучайтириш мақсадида парламент назорати механизми йўлга қўйилди. Жумладан, 2020 йил 9 декабрь куни Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раисининг миллатлараро муносабатлар соҳасида мавжуд ҳолат юзасидан ахбороти эшитилди.

 

Тадбир доирасида ОАВ вакиллари томонидан берилган саволларга матбуот анжумани қатнашчилари батафсил жавоб беришди.

Қўмита матбуот хизмати