Жорий йилнинг 24 декабрь куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий давлатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасининг 2020 йилдаги фаолияти ва 2021 йилдаги устувор вазифаларига бағишланган ОАВ вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этилди.
Унда республикада фаолият олиб бораётган миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари раҳбарлари, таклиф этилган меҳмонлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди. Тадбир “Узрепорт” телеканали орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилиб борилди.
Миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кенгайтириш Президентимиз Ш.Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида устувор вазифа этиб белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 майдаги ПФ–5046-сонли Фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил этилган.
Қўмита раиси Рустамбек Курбанов анжуман қатнашчиларини кириб келаётган Янги йил билан қутлаб ташкилот фаолияти ҳақида маълумот берди. Бугунги кунда Қўмита мамлакатимизда фаолият юритаётган жами 144 та миллий маданий марказ ва 38 та дўстлик жамияти билан ҳамкорлик қилмоқда. Шундан 4 та миллий маданий марказ ва 2 та дўстлик жамияти 2020 йилда ташкил этилган.
Қўмита раиси ўринбосари Азамат Тошев якунига етиб бораётган 2020 йилда Миллий маданий марказлар билан ҳамкорликда амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот берди. Қўмита томонидан 2020 йилнинг ўтган даврида Миллий маданий марказлар иштирокида республика миқёсида 1529 та тадбир ўтказилди. Шулардан 100 та илмий-амалий конференция ва семинар, 287 та давра суҳбати, 78 та кўргазма, 1047 та мусиқий-бадиий кеча ва концертлар, 12 та ҳисобот сайлов учрашуви, 3 та форум, 2 та халқаро конференция ташкил этилди. Хусусан, 2020 йил 9–16 ноябрь кунлари юртимизда “Маърифат ва миллатлараро бағрикенглик” шиори остида “Бағрикенглик ҳафталиги” ўтказилди.
2020 йилда қуйидаги объектлар фойдаланишга топширилди:
— 2020 йил 28 февраль куни Самарқанд шаҳрида “Нурафшон” дўстлик уйи очилди;
— 2020 йил 18 март куни Тошкент вилояти, Юқоричирчиқ тумани, “Гулистон” маҳалласи ҳудудида жойлашган “Миллатлар дўстлиги” маданият саройи очилди;
— 2020 йил 19 март куни Тошкент вилояти, Қуйичирчиқ тумани, Дўстобод шаҳридаги қайта таъмирланган “Авлиё Покровская” аёллар монастри очилди;
— 2020 йил 19 март куни Тошкент вилояти, Чирчиқ шаҳридаги қайта таъмирланган “Авлиё Георгий” эркаклар монастри очилди.
— 2020 йил 15 декабрь куни Тошкент вилояти, Чиноз тумани, “Эшонобод” маҳалласи ҳудудида жойлашган Эшонобод маданият саройи очилди.
Бугун Қўмита «халқ дипломатияси» механизмидан фаол фойдаланган ҳолда тинч ва фаровон ҳаётни асраш, хорижий мамлакатлар билан дўстона муносабатлар ва маданий-маърифий алоқаларни ривожлантириш, чет элдаги ҳамюртлар билан яқин ва ўзаро манфаатли муносабатларни йўлга қўйишга салмоқли ҳисса қўшмоқда.
Қўмита бўлим бошлиғи Феруз Беков дўстлик жамиятлари ва ватандошлар билан алоқаларга тўхталиб ўтди. Гуманитар, маданий, маърифий ва ахборот соҳаларида хорижий мамлакатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида Дўстлик жамиятлари томонидан хорижий мамлакатлардаги ҳамкор ташкилотлар билан 21 та (Корея, Россия, Қирғизистон, Мўғулистон, Тожикистон, Қозоғистон, Хитой, Болгария) меморандум имзоланди.
Дўстлик жамиятлари билан ҳамкорликда онлайн тизимида 80 та халқаро семинар, давра суҳбати ва конференциялар ўтказилди.
Дўстлик жамиятлари аъзолари билан 17 та (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон, Хитой, Мўғулистон, АҚШ, Финляндия) хорижий давлатларга делегациялар сафарлари доирасида 51 та давра суҳбати ўтказилди.
Давлат ва маҳаллий ҳокимият органлари томонидан Андижон, Фарғона, Навоий, Қашқадарё, Жиззах, Сурхондарё, Сирдарё, Хоразм вилоятлари ва “Дўстлик уйлари” ташкил этилди.
Чет элдаги ватандошларимиз билан мунтазам алоқалар йўлга қўйилди. Дунёнинг 14 мамлакатида истиқомат қилаётган ватандошларимиз томонидан тузилган 27 та ташкилот, 8 та хорижий давлатлардаги 13 та турдош ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалар ўрнатилди, 17та давлатдан 37та делегациялар қабул қилинди.
Миллатлараро муносабатлар соҳасида давлат сиёсати амалга оширилиши учун масъул бўлган давлат органлари фаолияти устидан жамоат назоратини кучайтириш мақсадида парламент назорати механизми йўлга қўйилди.
Жумладан, 2020 йил 9 декабрь куни Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раисининг миллатлараро муносабатлар соҳасида мавжуд ҳолат юзасидан ахбороти эшитилди.
Тадбир доирасида ОАВ вакиллари томонидан берилган саволларга матбуот анжумани қатнашчилари батафсил жавоб беришди.