2020 йил glavnaya Популярные новости

“Миллатлараро тотувлик ва барқарорликни таъминлашда ижтимоий шерикликни кучайтириш” мавзусида онлайн семинар

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди “Миллатлараро тотувлик ва барқарорликни таъминлашда ижтимоий шерикликни кучайтириш” мавзусида Давлат грантлари ажратиш учун
5-танловни эълон қилди.

Танлов иштирокчиларига амалий ёрдам бериш мақсадида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди раҳбарияти билан ҳамкорликда Миллий маданий марказлар ва Дўстлик жамиятлари вакиллари учун жорий йилнинг 1 декабрь куни Zoom платформаси орқали “Миллатлараро тотувлик ва барқарорликни таъминлашда ижтимоий шерикликни кучайтириш” мавзусида онлайн мулоқот ўтказилди.

 

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат ва нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятларининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари раҳбарлари иштирок этишди.

Масофавий бўлиб ўтган конференцияда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва xорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси ўринбосари Азамат Тошев Ўзбекистонда хукм сураётган миллатлараро тотувлик ва ҳамжихатликни таъминлашда мамлакатимиз раҳбарияти томонидан олиб борилаётган оқилона миллий сиёсатнинг юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат вакиллари томонидан эътироф этилиши, бу йўналишда Қўмитанинг фаолияти ҳусусида маъруза қилди. Раис ўринбосари семинар қатнашчиларини қутлаб, мазкур семинар ННТ ларга мамлакатимизда бу йўналишда қабул қилинган қатор қонун ва ҳужжатлардан тўғри фойдаланиш имконини яратади. Шу сабабли иштирокчилар фурсатдан фойдаланиб, ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоб олишлари мумкинлигини таъкидлаб ўтди. Бугунги кунда мамлакатимизда 144 та миллий маданий марказлар ва 38 та Дўстлик жамиятлари фаолият олиб бормоқда. Маълумки, 2020 йил май ойида Қўмитанинг ижтимоий буюртмаси асосида Олий Мажлис Жамоат фонди Миллий маданий марказлар фаолиятининг моддий техник базасини кучайтириш учун 600 миллион сўм грант маблағи ажратилган эди. Шу йилнинг 25 ноябрида “Миллатлараро тотувлик ва барқарорликни таъминлашда ижтимоий шерикликни кучайтириш” мавзусида Давлат грантлари ажратиш учун 5-танловни эълон қилгани ва танловнинг умумий суммаси 1 миллиард 450 миллион сўмни ташкил этганини маълум қилди.

 

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг ижрочи директори Отабек Хусанов миллий маданий марказларга мўлжалланган давлат грантлари танловларида қатнашиш учун лойиҳалар ва дастурларни тайёрлаш билан боғлиқ ишлар юзасидан ахборот берди.

Семинар ишида қатнашган миллий маданий марказлар ва Дўстлик жамиятлари раислари ўзларининг қизиқтирган саволларига қониқарли жавоб олишди, мавжуд масала ва муаммолар ҳусусида мунозаралар олиб боришди.