2020 йил glavnaya Популярные новости Мероприятия Янги Ўзбекистон

“Миллатлараро тотувлик ва дўстлик – тараққиёт омили” мавзусидаги китоб кўргазмаси

Ўзбекистондаги бағрикенглик сиёсати туфайли, ҳозирда юртимизда ягона оила бўлиб яшаётган 130 дан зиёд миллат ва элат вакилларига ўз она тили, урф-одат ва қадриятларини ривожлантириши учун ҳамма шарт-шароитлар яратилмоқда.

Фуқароларнинг она тилида таълим олиш имкониятини таъминлаш мақсадида яратилган имконият натижасида мамлакатимизда таълим-тарбия муассасалари ва оммавий ахборот воситалари ўзбек тили билан бирга қорақалпоқ, рус, қозоқ, қирғиз, тожик, туркман тилларида фаолият олиб бораётгани халқаро жамоатчилик томонидан ижобий ҳодиса сифатида эътироф этилмоқда.

Бугун Инсоният турли геосиёсий ва мафкуравий курашлар, одам савдоси, “оммавий маданият” каби таҳдидлар гирдобида – мураккаб шароитда яшамоқда. Бундай шароитда давлатнинг миллий яхлитлигини сақлаш, жамиятни маънавий-ахлоқий соғломлаштириш, ўсиб келаётган ёш авлодни миллий ўзликни англаш руҳида тарбиялаш ниҳоятда долзарб вазифадир.

 

Шу маънода мамлакатимизда миллий маданий марказларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, миллати, ирқи ва диний эътиқодидан қатъий назар, фуқаролар онгида кўп миллатли ягона оила туйғусини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси юртимизда миллатлараро дўстлик ва бирдамлик муносабатларини мустаҳкамлаш, барча миллатларнинг ривожланиши, ўз қадриятларини сақлаб қолиши учун тенг шароитлар яратиб бериш, миллий маданий марказлар фаолиятини кучайтириш каби қатор долзарб вазифаларни амалга ошириб келмоқда.

 

Ушбу йўналишларда олиб борилаётган ишларни янада жадаллаштириш мақсадида “16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни” доирасида юртимизда   9-16 ноябрь кунлари “Маърифат ва миллатлараро бағрикенглик” шиори остида Бағрикенглик ҳафталиги ўтказилмоқда.

Бир ҳафта давомида ранг-баранг тадбирлар, маданий-маърифий, илмий-амалий анжуманлар ўтказилиши кўзда тутилган.

 

Ҳафталик доирасида жорий йилнинг 12 ноябрь куни Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида “Миллатлараро тотувлик ва дўстлик –тараққиёт омили” мавзусида турли миллат ёзувчилари ва шоирларининг асарлари ҳамда олимларининг тадқиқот ишларига бағишланган миллий маданий марказлар ижодкорлари асарлари кўргазмаси ташкил этилди.

Тадбирда Қўмита мутасадди ходимлари, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзолари, Миллий маданий марказлар раислари ва фаоллари, ижодкор ёзувчи шоир ва олимлар иштирок этишди.

 

Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси ўринбосари Азамат Тошев кўргазманинг очилиш маросимида “Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари” шиддат билан ривожланаётган мамлакатимизда аҳоли, айниқса, ёш йигит ва қизларимизнинг маънавий ва маърифий савиясини доимий юксалтириш биринчи даражали аҳамиятга эга эканлиги, ёшларда китобхонлик маданиятини янада ривожлантириш, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш ўта шарафли вазифалигини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, Ўзбекистонда Абдураҳмон Жомий, Маҳтумқули Фироғий, Абай Қўнонбоев, Чингиз Айтматов каби бошқа миллатларнинг кўплаб таниқли шахслари, адабиёт намояндаларининг номи абадийлаштирилиб, уларга чуқур ҳурмат-эҳтиром кўрсатилаётганлигига эътиборни қаратди.

 

Тадбирда Ўзбекистон қозоқ миллий маданий маркази раиси С.Усенов “Абай абадияти”, Республика Туркман маданий маркази раис ўрибосари  Г.Авездурдиева “Ўзбекистон – Туркманистон Президентларининг китобхонликка эътибори”, — Республика озарбайжон миллий маданий маркази раиси Гусейнов Фирдоуси “Озарбайжон мутафаккирлари асарларининг мангулиги” мавзуларида маърузалар билан қатнашди.

 

Ушбу тадбирлар аҳолини, айниқса ёш авлодни республикамизда яшаб турган миллат ва элат вакилларининг тили, маданияти, анъаналари ва урф-одатларини сақлаш ва ривожлантиришга фаол жалб этишга, мамлакатимиз тараққиётига ўз ҳиссасини қўшишга, жамиятда кўп миллатли катта оила туйғусини, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.