2021 йил Bosh-sahifa-kir Янги Ўзбекистон

“Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик – жамият барқарорлиги гарови” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция

Дунё халқларини бағрикенглик, тинчликни асраб-авайлаш ҳамда ижтимоий-иқтисодий фаровонликка эришишга чорлаш мақсадида ЮНЕСКО Бош конференциясининг 1995 йил 16 ноябрда бўлиб ўтган 28-сессиясида Бағрикенглик тамойиллари тўғрисидаги Декларация қабул қилинган эди. Шундан буён мазкур сана “Халқаро бағрикенглик куни” сифатида нишонлаб келинади.

Жамиятимизда дўстлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш, хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини ривожлантириш мақсадида турли тадбирлар, конференциялар, давра суҳбатлари, концерт дастурларидан иборат “Бағрикенглик ҳафталиги” ўтказилади.

Ҳафталик муносабати билан Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамкорлигида “Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик – жамият барқарорлиги гарови” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди.

         

 

Конференцияни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов кириш сўзи билан очиб, олиб борди.

Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва xорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустам Қурбонов, Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси ўринбосари, сиёсий фанлар доктори Қодир Жўраев, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Пьер фон Аркс ўзларининг табрик нутқлари билан aнжуман ишига муваффақият тилашди.

Нуфузли анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг Ноисломий конфессиялар билан ишлаш бўлими бошлиғи Беҳзод Қодиров, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси марказ раҳбари т.ф.д. Саодат Давлатова, Рус православ черкови Тошкент ва Ўзбекистон епархияси раҳбари, митрополит Викентий Морарь, Рим католик черкови раҳбари, епископ Ежи Мацулевич, Ўзбекистон халқаро ислом академияси Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Зоҳиджон Исломов, мамлакатимиздаги дипломатик корпус, турли давлат ва жамоат ташкилотлари, юртимизда расман рўйхатдан ўтган 16 та диний конфессия вакиллари, диншунос ва ҳуқуқшунос олимлар, соҳа бўйича экспертлар, академия ўқитувчилари ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди.

Конференция давомида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустамбек Қурбонов сўзга чиқиб, юртимизда миллатлараро ва конфессиялараро тотувлик, тинчлик ва барқарорликни сақлаш йўлида олиб борилаётган оқилона ислоҳотлар, амалий чора-тадбирлар масалаларига тўхталиб ўтди.

 

Анжуманда иштирокчилар томонидан “Жамиятда миллатлараро тотувликни таъминлашда Ўзбекистон тажрибаси”, “Миллатлараро ва динлараро дўстликни таъминлашда исломнинг ўрни”, “Марказий Осиё халқлари маънавий меросида миллатлараро бағрикенглик масалалари”, “Диний бағрикенглик – давлат ва жамият барқарорлиги гарови”, “Ўзбекистонда рус православ черкови: 150 йиллик дўстона муносабатлар”, “Марказий Осиёда миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашда Ўзбекистоннинг муҳим ташаббуслари”, “Марказий Осиё халқларининг муштарак бағрикенглик тамойиллари”, “Юртимизда миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашда миллий маданий марказларнинг ҳиссаси”, “Ёшларни маънавий-ахлоқий баркамол этиб тарбиялашда миллий маданий марказларнинг ўрни” каби мавзулардаги маърузалари тингланди.

Учрашув мобайнида Рус православ черкови Тошкент ва Ўзбекистон епархияси раҳбари митрополит Викентий Морарь ҳамда Рим-католик маркази раҳбари епископ Ежи Мацулевич ҳам сўзга чиқиб, юртимиздаги диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик қадриятга айланганини таъкидлашди.

Қизғин мунозара остида ўтган конференция қатнашчиларда катта таассурот қолдирди. Йиғилганлар томонидан юртимизда яшаётган барча миллат ва элатлар вакиллари яхлит ҳолда Ўзбекистон халқини ташкил этиши, улар бир-бирлари билан ҳамжиҳат бўлиб, юртимиз равнақи йўлида сидқидилдан меҳнат қилаётганликларини таъкидланди. Юксак тараққиётга миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик, тинчлик-осойишталикни янада мустаҳкамлаш орқали етиш мумкинлигини қайд этишди.