2019 йил 26 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси мажлислар залида “Миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаолиятини такомиллаштиришнинг долзарб масалалари” мавзусида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди. Семинарда Қўмита раиси ва ходимлари, ва миллий маданий марказлари раҳбарлари, дўстлик жамиятлари вакиллари, Олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, докторантлар ва талабалар қатнашдилар.
Семинарни Қўмита раиси Р.Қурбонов кириш сўзи билан очиб, унда бундай тадбирлар ўтказилишининг аҳамияти, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг 2019 йил 22 февралдаги 01-07/1-220-сонли қарори билан тасдиқланган “Миллий-маданий марказлар, дўстлик жамиятлари ролини янада ошириш ва уларнинг аҳоли ҳаётидаги иштирокини кучайтириш ҳамда хорижий давлатлар билан маданий-гуманитар ва дўстлик алоқаларини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар дастури”ни амалга оширилиши миллий маданий марказларнинг фаолияти самарадорлигини янада ошириш ҳамда жамиятда тинчлик ва осойишталикни таъминлашда фуқаролик жамиятининг муҳим институти сифатида ўз ўрнини мустаҳкамлашида хизмат қилиши ҳақида тўхталди ва дастур доирасида амалга оширилган ишлар қаторида ЎзМУ тарих факультетида очилган “Антропология ва этнология” йўналишининг аҳамияти ҳамда унга қабул қилинган талабалар келажакда давлатнинг миллатлараро муносабатлар соҳасидаги сиёсатининг устувор йўналишларини амалга оширувчи, белгилаб берувчи, илмий жиҳатдан асослаб берувчи билимли мутахассис сифатида шаклланиши зарурлигини алоҳида таъкидлади.
Семинарда ЎзЖТДУ профессори Д.Бобожонова миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаолиятини илмий жиҳатдан ўрганилаётган марказлар ва мутахассислар тадқиқотлари ҳақида ахборот берди. Шундан кейин семинар модератори Б.Каримов таклифи билан семинарга таклиф қилинган МММ вакиллари ва бошқа иштирокчиларнинг таклифлари бирин-кетин эшитилди. Поляк МММ раиси Олег Скуридин, Немес, Литва ва Қирим татар МММ вакиллари мавзуга оид ўз фикр ва мулоҳазаларини билдиришди. Дунган МММ раиси тарих фанлари номзоди М.Савуров ЎзМУда “Антропология ва этнология” йўналишининг очилганлигини жуда катта ижобий иш сифатида баҳолади.
МММ фаоллари айтган таклиф ва мулоҳазаларини умумлаштирган ҳолда фалсафа фанлари доктори, профессор, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси Илмий-амалий тадқиқотлар, методика ва экспертиза бўлими бошлиғи Бахтиёр Каримов “Миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаолиятини такомиллаштириш масалалари” мавзусида рус ва ўзбек тилларида илмий маъруза қилди.
Тарих фанлари номзоди, доцент, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси Илмий-амалий тадқиқотлар, методика ва экспертиза бўлими етакчи мутахассиси Неъматжон Полванов “Ўзбекистонда миллатлараро тотувликнинг тарихий илдизлари” мавзусидаги илмий маърузаси билан қатнашди.
ЎзМУ тарих факультети докторанти, Отабек Алмардоновнинг “Дўстлик жамиятлари фаолиятини такомиллаштиришда халқ дипломатиясининг роли” мавзусидаги докладини кўпчилик қизиқиш билан тинглади.