Бугунги кунда жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида демократик ўзгаришларни, ислоҳотларни амалга оширишда, қабул қилинаётган дастурларнинг ижросини таъминлашда нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтларининг роли ва аҳамиятини, ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича қатор ишлар олиб борилмоқда, нодавлат нотижорат ташкилотлари учун қулайликлар ва енгилликлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жорий йилнинг 5 март куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Жамоат фондининг Давлат грантлари ажратиш учун эълон қилинган 5-танлов ғолибларига сертификатлар топширишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Унда Қўмита раҳбарияти ва ходимлари, Олий Мажлис Жамоат фонди, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари, республикамизда фаолият юритаётган жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда журналистлар иштирок этишди.
Қўмитанинг давлат ижтимоий буюртмасига асосан 2020 йилда Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан этномаданий инфратузилмани, жумладан миллий маданий марказларни ривожлантириш мақсадида 600 млн. сўм, шунингдек 1,45 млрд. сўмлик грант ажратилди.
Маълумки Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди “Миллатлараро тотувлик ва барқарорликни таъминлашда ижтимоий шерикликни кучайтириш” мавзусида 13 та йўналиш бўйича 5-танловини эълон қилган эди. Мазкур танлов якунида 37 та нодавлат нотижорат ташкилоти ғолибликни қўлга киритди. Улар орасида қозоқ, рус, украин, туркман, озарбайжон ва бир қатор бошқа миллий маданий марказларни айтиб ўтиш ўринлидир.
Қўмита раиси ўринбосари Азамат Тошев давлат гранти ғолибларини самимий қутлаб, мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири этиб белгиланганлигига эътиборни қаратди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 мартдаги “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5012-сонли Қарори бу соҳадаги ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарганлигини таъкидлади. Ушбу Президент Қарори фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқий ва қонуний манфаатлари ҳимоясини мустаҳкамлашга, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтиришга хизмат қилишини қайд этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг эркин фуқаролик жамиятини ривожлантиришда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлашни давом эттириш учун 2021 йилда бюджетдан 60 миллиард сўм йўналтириш тўғрисидаги ташаббуси соҳанинг доимий эътибор марказида эканлигидан далолат беради.
Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг мақсади нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини янада ривожлантириш ҳамда уларнинг мамлакатда демократик ўзгаришларни амалга оширишда ва жамиятни эркинлаштиришда фаол иштирок этишига кўмаклашишдан, уларни молиялаштириш манбаларини шакллантириш учун объектив шароитлар яратишдан иборат эканлиги алоҳида таъкидланди.
Тадбир доирасида ғолибликни қўлга киритган миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятларига махсус сертификатлар топширилди. Ўз навбатида, тақдирланганлар Ўзбекистонда миллатлараро муносабатлар соҳасида олиб борилаётган сиёсат, нодавлат нотижорат ташкилотларга яратилган кенг имкониятлар учун Давлатимиз раҳбариятига ўзларининг чуқур миннатдорчиликларини билдиришди.