2021 йил Bosh-sahifa-kir Тадбирлар Янги Ўзбекистон

Миллий маданий марказларга замонавий техник ускуналар топширилди

Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида миллий маданий марказларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида моддий техника билан рағбатлантиришга бағишланган  тадбир бўлиб ўтди. Унда Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси масъуллари, Республика миллий маданий марказлар раислари ва ёшлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Этномаданий инфратузилмани, жумладан миллий маданий марказларни ривожлантириш мақсадида Қўмитанинг давлат ижтимоий буюртмасига асосан ҳар йили Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан грантлар ажратилади. Ажратилган маблағлар нодавлат нотижорат ташкилотлар моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, мавжуд муаммоларни хал қилишда сарф қилинади.

Хусусан, 2021 йилда давлатимиз томонидан биргина миллий маданий марказларни қўллаб-қувватлаш учун 8 миллиард сўмга яқин маблағ ажратилган. Бу маблағ республикадаги барча миллий маданий марказларга 4 ярим миллард сўмдан субсидийлар ажратилаяпти. Шунингдек, Олий Мажлис жамоат фонди 5-танлов грантида 50 дан ортиқ миллий маданий марказларга 2 миллиард сўм маблағ ажратиш кўзда тутилган.

Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустамбек Курбанов ўз табрик сўзида Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистон миллий сиёсати концепцияси ва «Йўл харитаси» ни тасдиқлаш тўғрисидаги Фармонда миллий маданий марказларнинг моддий-техник базасини яхшилашга ёрдам кўрсатилиши алоҳида кўрсатиб ўтилган деди. Ҳар йили ижтимоий буюртмалар асосида Олий Мажлис Жамоат фондидан грантлар ютилади. “Жамиятда миллатлараро тотувлик ва дўстликни ҳамда тарихан шаклланган бағрикенгликни кенг тарғиб қилиш” мавзусида ажратилган 600 миллион сўмлик давлат гранти доирасида энг замонавий 15 та моноблок компьютер, 25 та принтер ва 10 та ноутбук харид қилинди. Бу техник ускуналар видеоконференциялар ўтказиш, тарихий ватанлар билан фаолроқ ишлашга имкон беради. Шунингдек, янги технологиялар орқали ўз фаолиятингизда иштирок этадиган кўпроқ ёшларни жалб қилиш имкониятига эга бўласиз деди.

Шундан сўнг техник ускуналар Республика миллий маданий марказларга тантанали равишда топширилди.

Ўз навбатида миллий маданий марказлар раҳбарлари Президент Ш.Мирзиёевнинг ушбу эътибори учун катта миннатдорчилик билдиришди.

Бугунги кунда мамлакатимизда миллий маданий марказларни қўллаб қувватлаш доирасида салмоқли ишларга амалга оширилмоқда деди Республика озарбайжон миллий маданий маркази раиси Фирдавсий Гусейнов. “Нафақат Республика балки вилоятлардаги бўлимларимиз ҳам офиз жиҳозлари билан таъминланмоқда. Албатта бу каби тадбирлар миллий маданий марказлар фаолиятини янада ривожлантиришга қаратилган. Мен бундай эътибор учун Республика озарбайжон миллий маданий маркази номидан Ўзбекистон Республикаси Президентига ўз миннатдорчилигимни билдираман.”

Миллий маданий марказлар моддий-техника базасини қўллаб-қувватлаш уларнинг этномаданий инфратузилмасини ривожлантиришга ва фаолиятини кучайтиришга хизмат қилади.