2020 год glavnaya Популярные новости

Миннатдорлик, тўкинлик, ҳосил байрами

Пойтахтимиздаги Корейс маданият ва санъат саройида “Чхусок – 2019“ анъанавий корейс миллий фестивали бўлиб ўтди. Унда ҳамшаҳарларимиз ва пойтахтимиз меҳмонлари, кенг жамоатчилик, миллий маданият марказларининг вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон корейс маданият марказлари уюшмаси раиси Виктор Пак, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустам Қурбонов, Кореянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Кан Чже Квон Ўзбекистонда турли миллат ва элат вакиллари аҳил оила фарзандларидек истиқомат қилиши учун барча шароит яратилганини таъкидлади.
Юртимизда турли миллат вакилларининг ўзига хос байрамлари катта тантана қилинади. Чхусок – кузги шабада маъносини англатади. Табиат сахийлиги учун миннатдорлик ва мўл ҳосил байрамида ота-оналарни йўқлаш, тўкин дастурхон атрофида жам бўлиш, самимий ва дилдан суҳбат қуриш, ўтганлар хотирасини ёдга олиш яхши анъанага айланган.
Шу куни кузги майин шабада барчага ҳузур бағишлади. Байрам том маънода аҳиллик, дўстлик, шукроналик айёмига айланди.
– Умрим, тақдирим, оилам, фарзанд ва невараларим келажаги Ватаним – Ўзбекистон билан чамбарчас боғлиқ, – деди нуроний отахон Леонид Ким. – Шу заминда бахтимни топдим. Ўғил-қизларим ўқиди. Оилали, касб-корли бўлди. Турмушимиз фаровон, юртимиз тинч. Байрам жуда юқори кайфиятда ўтгани ҳаммага манзур бўлди.
Арина Тен Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида таҳсил олади. У ўзбек миллий рақсларига болаликдан қизиққани боис “Нафис“ рақс ансамблининг фаол иштирокчиси. Аринанинг рақсини кўрганлар унинг ижросига мафтун бўлиши шубҳасиз.
– Ўзбек миллий рақслари жуда жозибали ва бетакрор, – деди Арина Тен. – Турли халқларнинг миллий рақсларини ўрганишга астойдил киришдим. Рақс миллатларни ўзаро яқинлаштиради.
Она заминга миннатдорлик ва ҳосил фестивалида концерт дастури намойиш этилди. Бадиий, фото, ҳунармандликка оид кўргазмалар, маҳорат дарслари, пазандалик ярмаркаси, миллий ўйинлар намойиш этилди.

 

Назокат УСМОНОВА, ЎзА