2020 йил glavnaya Мероприятия Янги Ўзбекистон

Миср оммавий ахборот воситаларида Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумига доир туркум материаллар нашр этилди

Мисрнинг «Ал-Хабар ал-ёум»  газетасида ва «Осиё ал-ёум» ахборот агентлиги сайтида Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ўтказилган «Ёшлар-2020: глобал ҳамжиҳатлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари» мавзусидаги инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд онлайн форуми тафсилотлари ва форум иштирокчиларига давлатимиз раҳбари томонидан йўллаган табрик мазмун-моҳиятига бағишлаган туркум материаллар нашр этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Жумладан, мамлакатнинг энг нуфузли нашрларидан бири «Ал-Хабар ал-ёум» газетасида  чоп этилган  материалларда инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми мавзуси бугунги кунда нафақат Ўзбекистонда, балки дунёда глобал аҳамиятга эга эканига эътибор қаратилган.

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева Ўзбекистон Республикаси Президентининг форум иштирокчиларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди. Табрикда Шавкат Мирзиёев ёшлар тараққиёт ва фаровон ҳаёт йўлида янги ғоялар ва ижодий саъй-ҳаракатларни амалга оширишда етакчи куч эканини таъкидлади”, деб ёзади нашр.

“Давлат раҳбарининг анжуман иштирокчиларига табрик йўллаши ва унга жиддий эътибор қаратгани «Ёшлар — 2020: глобал келишув, барқарор ривожланиш ва инсон ҳуқуқлари» мавзусидаги Самарқанд онлайн форумининг нуфузини ошириш баробарида, кўплаб халқаро экспертлар эътиборини ўзига қаратди”, дейилади мақолада.

Ўзбекистон раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерришга Ўзбекистоннинг ушбу форумни ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлагани учун самимий миннатдорлик билдирди.

Президент Шавкат Мирзиёев ўз табригида ривожланиш мақсадлари ва келажакдаги режаларни амалга оширишда, айниқса коронавирус тарқалишида ва унинг оқибатларини юмшатишда ёшларнинг ўрни ҳақида сўз юритди.

Табрик якунида Ўзбекистон Президенти Самарқанд форуми глобал тотувлик, барқарор ривожланиш, инсон ҳуқуқлари, тинчлик ва тараққиётга эришиш учун ҳисса қўшишига ишонч билдирди, деб қайд этади нашр.

Шунингдек, форумда БМТнинг Ўзбекистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси вазифасини бажарувчи, БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси минтақавий вакили Ашита Миттал хоним Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерришнинг форуми иштирокчиларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби ўз табригида мазкур анжуман ташкил этилгани учун самимий миннатдорлик билдириб, уни Халқаро ёшлар кунида ўтказилгани муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади, деб қайд этади муаллиф.

«Осиё ал-ёум» ахборот агентлиги веб-сайтида “Ёшлар-2020: глобал ҳамжиҳатлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари» мавзуидаги инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форуми тафсилотлари ҳақида эълон қилинган материалда ҳам мазкур анжуманнинг аҳамияти ва долзарблигини эътироф этади.

Нашр, шунингдек, бундан икки йил олдин БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятга Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ишлаб чиқиш ва қабул қилишни таклиф қилганини эслатиб ўтган. Ушбу ҳужжат дунё бўйлаб икки миллиарддан ортиқ ўғил ва қизлар ҳуқуқларини таъминлаш учун муҳим аҳамиятга эга бўлиши кутилаётгани таъкидланади.

«Ал-Хабар ал-ёум»  газетасида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Жаҳон банки иштирокида «Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш» лойиҳасини амалга оширишга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилгани ҳақида хабар ҳам чоп этилди.

Соф ислом маърифатини тарғиб қилиш борасида тайёрланган “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ баъзи муаммоларни ҳал этишда муҳим манба бўлиб қолмоқда” сарлавҳали мақолада Имом Бухорий номидаги халқаро илмий тадқиқотлар маркази билан Анқарадаги Боязид Йилдирим университети ислом билимлари факультети профессори Аҳмад Йилдирим ўртасида ўтказилган вебинар тафсилотлари келтирилади.