2019 йил Bosh-sahifa-kir Долзарб хабарлар Тадбирлар Танлов ва грантлар

ҚЎМИТАДА ЎҚУВ СЕМИНАР

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро
муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари
қўмитасида Олий Мажлис ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятларининг
бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда Тошкент
шаҳри ва Тошкент вилоятида фаолият олиб бораётган Миллий маданий
марказлари учун ўқув семинари ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси адлия вазирлиги, Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат ва нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятларининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари раҳбарлари иштирок этишди.

 

Қўмита раиси Рустамбек Курбанов семинар қатнашчиларини қутлаб, мазкур ўқув машқлари ННТларга мамлакатимизда бу йўналишда қабул қилинган қатор қонун ва ҳужжатлардан тўғри фойдаланиш имконини яратади. Шу сабабли йиғилганлар фурсатдан фойдаланиб, ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоб олишлари мумкинлигини таъкидлаб ўтди.

 

Тошкент вилояти адлия бошқармаси бошлиғи Азиз Давлетминов ННТ фаолиятини олиб боришда иқтисодий масалалар шунингдек, адлия тизимида рўйхатга ўтиш билан боғлиқ ҳужжатларнинг юритилиши ҳамда миллий маданий марказлар ва Дўстлик жамиятлари фаолияти кафолати, амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш истиқболлари ҳусусида тўлиқ маълумот берди.

 

Семинарда Олий Мажлис ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятларининг
бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди масъул ходими Фурқат Рашидов миллий маданий марказларга мўлжалланган давлат грантлари танловларида қатнашиш учун лойиҳалар ва дастурларни тайёрлаш билан боғлиқ ишлар юзасидан ахборот берди.

 

Миллий маданий марказлар ва Дўстлик жамиятлари раисларини қизиқтирган саволларига Адлия вазирлигидан Гулчеҳра Фозилова ва Бобожон Алимов, Тошкент шаҳар ҳокимиятидан Алимардон Қаршиев ҳамда Тошкент шаҳар адлия бошқармаси масъул ходими Чарос Раҳматовалар атрофлича жавоб беришди.

Тадбир қизиқарли баҳс-мунозаралар тарзда ўтди.