2021 йил Bosh-sahifa-kir

“МУҲАББАТНИНГ НОМИ НЕЧАДИР” ШЕЪРИЙ ТЎПЛАМИНИНГ ТАҚДИМОТИ ЎТКАЗИЛДИ

Жорий йилнинг 26-28 ноябрь кунлари мамлакатимизда “Славутич” Республика украин маданият маркази ташкил этилганининг 20 йиллигини нишонлаш мақсадида мамлакатимизда миллатлараро муносабатларни янада ривожлантириш, Ўзбекистон ва Украина халқлари ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган юбилей тадбирлари ўтказилмоқда.

Жорий йилнинг 27 ноябрь куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида марказ юбилейига бағишланган маданий тадбирлар доирасида замонавий ёш украин шоирларининг ўзбек тилига таржима қилинган “Муҳаббатнинг номи нечадир” шеърий тўпламининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ходимлари, таниқли ёзувчи-шоирлар, “Славутич” РУММ бошқаруви аъзолари ва украин диаспораси фаоллари, Украинанинг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси дипломатлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Байрам тадбирини “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Aҳмаджон Мелибойев очиб берди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид ўзининг табрик сўзида амалга оширилган ишларга юксак баҳо бериб, мазкур тадбир икки давлат халқлари ўртасидаги миллатлараро ва дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшади деди.

Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси ўринбосари Азамат Тошев, “Славутич” Республика украин маданият маркази раиси Владимир Бойко, “Шарқ юлдузи” журнали бош муҳаррири Сирожиддин Рауф, адабиётшунос олим Тошкент давлат шарқшунослик университети доценти Aдҳамбек Aлимбеков, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Зикрилло Неъмат, Дилором Aбдураҳмонова ва бошқалар сўзга чиқишди.

Қўмита раиси ўринбосари А.Тошев ўзбек шоир ва ёзувчиларининг машҳур асарлари украин тилига ҳамда украин шоир ва ёзувчиларининг асарлари ўзбек тилига таржима қилинганлигини эътироф этди. Жумладан, буюк мутафаккир ва давлат арбоби Алишер Навоийнинг машҳур “Фарҳод ва Ширин” асари украин тилига таржима қилиниб, украин китобсеварларига тақдим этилди. Шунингдек, украиналик шоира Леся Украинканинг “Марварид ёшлари” шеърий тўплами, ёзувчи Иван Франконинг “Мангу ҳаёт афсонаси” асари ўзбек тилида нашр этилганлигига эътибор қаратди.

Украин миллати вакиллари “Муҳаббатнинг номи нечадир” тўпламига киритилган украин ва ўзбек тилларидаги шеърлардан ўқиб, украинча қўшиқлар куйлаб тадбирга байрамона шукуҳ бағишладилар.

Сўзга чиққанлар “Славутич” РУММ Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, “Шарқ юлдузи” журнали, Украина элчихонаси ва Қўмита билан ҳамкорликда сўнгги йилларда таниқли украин ёзувчи-шоирлари Иван Франко, Леся Украинка, Тарас Шевченконинг ўзбек тилида нашр этилган асарлари билан учинчи бор Ўзбекистон китобхонлари эътиборига ҳавола қилинаётганини таъкидладилар.

Бу каби ҳамкорлик тадбирлари миллий маданиятларнинг яқинлашиши ва ривожланиши, дўстлик ришталарининг мустаҳкамланишига хизмат қилиши шубхасиз.

Шунингдек, китобхонларнинг Украина маданий меросидан кенг фойдаланиши учун “Муҳаббатнинг номи нечадир” шеърий тўплами тиражининг салмоқли қисми республика кутубхоналарининг барча вилоят бўлимларига етказиб ўтказилиши таъкидланди.

 

Сирожиддин Рауф

“Шарқ юлдузи”, ва “Звезда Востока” журналлари бош муҳаррири:

“Биз бугун украин шоирларининг шеъриятини таржима қилиб китобхонларга етказаяпмиз. Мақсадимиз бугунги замонавий украин шеърияти вакилларини ижодини тараннум этишдан иборат. Китобнинг дунёга келишида украин маданий маркази ва Украинанинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда ишладик. Украин адабиёти ривожланиб бораётганини биз гувоҳи бўлдик. Шеърларни таржима қилган шоирлар асосан 90 йилдан кейин туғилган ёш ижодкорлардир. Уларнинг ижодида тинчлик, ватанпарварлик, муҳаббат, дўстлик каби умумбашарий туйғулар тараннум этилган. Бу мавзулар украин шеъриятида ўзига ҳос ёндашув билан китобхонларга етказилаяпти. Мутахассислар китоб устида кўп ишлашди. Китобнинг нусхалари Украинага ҳам юборилди. Ўйлайманки, китоб ўзбек китобхонларига қандай манзур бўлса, украин китобхонларига ҳам шундай манзур бўлади. Чунки, китобда шеърлар ҳам украин тилида ҳам ўзбек тилида ёнма-ён қўйилган”.