2020 йил glavnaya Популярные новости Янги Ўзбекистон

Мустақиллигимизнинг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган тадбир

Жорий йилнинг 18 август куни Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишлаб “Сен-қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним” шиори остида “Маънавият инсоннинг улғайиш ва куч-қудрат манбаидир” мавзусида маънавий-маърифий видеоконференция ўтказилди.

Видеоконференцияни ўтказишдан мақсад охирги йилларда сиёсий-ижтимоий, иқтисодий, миллатлараро муносабатларнинг мазмун-моҳияти бутунлай ўзгаргани, бу ижобий ўзгаришлар юртдошларимиз ҳаётида ўз ифодасини топаётгани, Оролбўйи ҳудудида истиқомат қилувчи турли миллат ва элатларнинг тотувлигини мустаҳкамлаш, уларнинг тили ва урф-одатларини асраб-авайлаш, миллий маданий марказларнинг жамият ҳаётидаги ролини кучайтириш бўйича қилинган ишларни аниқ мисоллар, чуқур илмий таҳлиллар ва экспертлик баҳолари орқали жамоатчиликка етказишдан иборат.

Тадбир иштирокчилари Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, сенатор М.Ҳожиматовнинг “Маънавий ислоҳотлар – дўстлик, ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашнинг асосий омили”, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Р.Курбановнинг “Миллатлараро тотувлик мамлакатимизнинг энг катта бойлигидир”, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раис ўринбосари Э.Дурдиевнинг “Ўзбекистон кўп миллатли диёр”, Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирининг ўринбосари Ж.Абдижамиловнинг “Маданият соҳасида маънавий–маърифий тарғибот ва халқлар дўстлигини янада мустаҳкамлаш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишдаги устувор вазифалар”, Қорақалпоғистон Республикаси Ёзувчилар уюшмаси раҳбари К.Каримовнинг “Ёшлар орасида китобхонлик маданиятини ошириш”, Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари И.Абдикаликовнинг “Ёшлар сиёсатида маънавиятнинг ўрни”, Қорақалпоғистон “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси А.Баириеванинг “Миллий урф-одатлар, анъаналар-маънавият мактаби” мавзуларидаги маърузаларини тинглаб, муҳокама қилдилар.

Видеоконференцияда халқимиз учун энг улуғ, энг азиз айём, эркин, обод ва фаровон ҳаёт қуриш йўлидаги барча ютуқ ва муваффақиятларимизнинг асосий манбаи бўлган Ватанимиз мустақиллиги миллий тикланишдан миллий юксалиш сари дадил илгарилаб бораётган мамлакатимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элат вакиллари ўртасида дўстлик ва тотувликни янада мустаҳкамлашга, барча миллатларнинг урф–одат ва анъаналари ҳамда маданиятини янада ривожланишига тенг имконият яратиб берганлиги алоҳида таъкидланди.

Юқори савияда ўтказилган тадбир мамлакатимиз фуқароларида маънавият юксалишига, жамиятда кўп миллатли катта оила туйғусини, республикада миллатлараро дўстлик ва тотувликни янада мустаҳкамлашга, ёш авлодни Ватанга меҳр-муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашга, фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлашга хизмат қилади.

Видеоконференция оммавий ахборот воситалари, интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали кенг ёритилди.