2022 йил Bosh-sahifa-kir Долзарб хабарлар Тадбирлар

«НАВРЎЗ – КЎП МИЛЛАТЛИ ХАЛҚИМИЗ БАЙРАМИ»

Жорий йилнинг 15 март куни Ўзбекистон Миллий Матбуот марказида “Наврўз – куп миллатли халқимиз байрами” мавзуида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Анжуман Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстона алоқалар қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Миллий Матбуот маркази билан ҳамкорликда ташкил қилинди. Унда республикамизда фаолият олиб бораётган оммавий ахборот воисталари вакиллари, миллий маданий марказлар раҳбарлари ва фаоллари иштирок этишди.

 

Тадбирда Қўмита Ахборот хизмати бошлиғи Ғайратулла Шукуров йиғилганларни байрам билан қизғин қутлаб, Қўмита фаолияти ҳусусида маълумот берди.

Айни пайтда мамлакатимизда этник ўзига хослиги, тили, урф-одат ва анъаналарини ҳар томонлама ривожлантириш ва ўзаро бойитиш бўйича тенг ҳуқуқ ва имкониятларга эга бўлган 130дан зиёд миллат ва элат вакиллари ягона оила бўлиб дўстлик ва иноқликда ҳаёт кечирмоқда. Хозирда юртимизда 151та миллий маданий марказларва 36та дўстлик жамиятлари фаолият кўрсатиб, ўз халқларининг анъаналари, маросимларини тиклаш, уларни Ўзбекистонда яшовчи бошқа миллат вакилларига яқиндан таништиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Бу саъйи ҳаракатлар табиийки, мамлакатимизда миллатлараро муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

 

 

Анжуманжа Республика тожик миллий маданий маркази раиси ўринбосари Насиба Зайнутдинова ҳамда Ўзбекистон туркман миллий маданий маркази раиси Гулдона Авездурдиевалар Наврўз байрамининг шу миллатга хос фазилатлари ҳақида маълумот беришди.

Юртимизда Наврўз мустақилликдан кейин қайта туғилди, деб айта оламиз. Наврўз – қадим қадрият, баҳор айёмидир. Шуниси қувончлики, бу ажойиб байрамни нафақат ўзбекларимиз, балки кўп миллатли диёримизда биз билан бирга яшаб, бирга нафас олаётган миллатлари турфаю, лекин эзгу мақсадлари ягона бўлган юртдошларимиз ҳам катта тараддуд билан кутадилар. Шунинг учун ҳам ҳар йили Наврўз байрами юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат вакилари билан биргаликда нишонланади.

Қўмита томонидан тузилган режа асосида жорий йилнинг 21-март куни Тошкент шаҳрида фаолият олиб борётган миллий маданий марказлар байрам тадбирларида ўз концерт дастурлари билан иштирок этадилар. Марказлар ўз чиқишларида юртимиздаги тинчлик, бағрикенгликни тараннум этувчи қўшиқлари ҳамда миллий куй ва рақслари билан иштирок этишади.

 

Наврўз — нафақат ўзбек халқи, балки Осиё халқлари томонидан беш минг йилдан ортиқ вақтдан бери кенг нишонланиб келинадиган йилнинг энг асосий байрамларидан биридир. БМТ Бош ассамблеяси 21 март санасини Халқаро Наврўз куни деб белгилаган ва барча мамлакатларни ушбу қадимий байрамни бутун дунёда оммалаштиришга ҳисса қўшишга чақирган.

Маметназар Назаров– Республика туркман маданият маркази раиси ўринбосари: “Мен кириб келаётган Наврўз байрами билан Ўзбекистонда яшаётган барча миллат вакилларини чин юракдан табриклайман. Наврўз байрами ҳаммамизга бахт келтирсин. Марказий Осиё халқларининг ўхшаш жихатлари кўп, чунки уларнинг чиқиб келиш илдизлари бир улкан томирдан бошланади деб биламан. Наврўз байрамида туркман миллати вакиллари ҳам алоҳида кўтаринки кайфият билан иштирок этиб келишади. Туркманистода Наврўз байримини ўтказиб чўпонлар дала ва адирларга қўй-қўзиларни олиб кетишади, дехқонларимиз ўз ерларига ишлов беришни бошлашади, оила ва маҳаллаларда кўк сомсалар, пишириқлар ва сумалаклар пиширилади, ҳар хил миллий таомлар пишириб, қўшниларга ва яқинларига улашишади. Катта томоша майдонларида арғимчоқлар ясалиб, унда болалар ва ёшлар яйраб учишади, қўшиқ ва куйлар ижро этилиб қадимий урф-одатлар эсланади”.

Гулшода Усмонова – Ўзбекистон қирғиз миллий маданий маркази фаоли: “Наврўз байрами бизнинг энг  севимли байрамларимиздан бири ҳисобланади. Барча миллатлар қатори бизнинг қирғиз миллатига мансуб фуқаролар ҳам фаол иштирок этиб келамиз. Унда биз ўзимизнинг миллий кийимларимизда куй ва қўшиқларни ижро этамиз, миллий таомларимизни ва урф-одатларимизни намойиш этамиз. Шу йил байрам арафасида Тошкент вилоятида янги қирғиз миллий маданий маркази ишга тушмоқда. Бу байрамга муносиб тухфа бўлди дейиш мумкин. Бундан вилоятда истиқомат қилаётган қирғизлар беҳад ҳурсандлар. Наврўз байрамига қирғиз миллий маданий маркази томонидан катта тайёргарлик олиб борилмоқда. Миллий концерт дастурлари, кўргазмалар, миллий таом ва либослар намойишлари республикамизнинг барча вилоятларида ўтказилади. Ўзбекистондаги барча миллатлар билан Наврўз байрамини ҳар галгидек кўтаринки руҳда ўтказамиз деб ишонч билдираман”.

 

Наврўз байрами Ўзбекистоннинг чет эллардаги ваколатхоналарида ҳам кенг нишонланади. Анъанага кўра қатор хорижий давлатларга юртимиздан маданият ва санъат намояндаларининг сафарлари ташкил этилиб, жойларда Наврўз билан боғлиқ миллий қадриятларимиз тарғиб қилинади, бетакрор ўзбек таомлари пиширилиб, дастурхон ёзилади. Наврўз айёми арафасида хориждаги ватандошларимиз томонидан ҳам ушбу байрамга бағишланган турли тадбирлар ўтказилмоқда.

Матбуот анжумани иштироркчилари журналистларнинг қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб беришди.