2021 йил glavnaya Янги Ўзбекистон

Наврўз — қардош халқларнинг умумий қадрияти

ТОШКЕНТ, 18 март. /«Дунё» АА/. Наврўз асрлар оша нишонлаб келинаётган бой қадриятлар ва урф-одатлар байрами ҳисобланади. Ушбу байрамда халқимизнинг ўзаро меҳмондўстлик, меҳр-оқибат, саховатпешалик ва бағрикенглик хислатлари намоён бўлади. Байрам муносабати билан юртимизнинг барча гўшаларида халқ сайиллари, миллий ўйинлар мусобақаси, фолклор жамоаларининг айтишувлари ва лапарлар уюштирилади. Наврўз том маънода халқимизнинг бой урф-одатлари ва қадриятлари бешигидир.

Наврўз Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари, Кичик Осиё ва Кавказорти мамлакатларида ҳам кенг нишонланади. Байрамнинг ўзига хослиги, унинг нишонланиш тарихи ҳақида янада кўпроқ маълумотга эга бўлиш мақсадида мамлакатимизда фаолият юритаётган хорижий ўқитувчилар ва таҳсил олаётган талабалар фикрлари билан қизиқдик.

Тошкент давлат шарқшунослик университетида талабаларга форс тилидан таълим бераётган эронлик ўқитувчи Сима Аббоси ўз фикр ва мулоҳазаларини қуйидагича баён қилди:      

— Наврўз байрами Эронда фарвардин ойининг биринчи кунига тўғри келади, — деди Сима Аббоси. — Бу кун мамлакатимизда янги йилнинг бошланиши ҳисобланади. Шамсий йил ҳисоби бўйича фарвардиннинг биринчи куни, яъни Наврўз Ормазд ёки Ҳормоз куни деб номланган.

Қадимги эронликлар Наврўзни янги йилни англатувчи «Нава серда» номи билан ҳам аташган. Наврўз байрами қатор маросимлардан иборат. Улардан бири «Алфа» маросими ҳисобланади. «Алфа», асосан, Хуросонда (Эроннинг шимоли-шарқий вилояти) қабристон ва масжидларда ўтганлар руҳига ҳурмат бажо келтириш ва уларни ёд этиш шаклида ўтказиладиган маросим ҳисобланади. Бу анъана жараёнида дастурхонга сутли нон, қутаб, гамак ва бошқа неъматлар тортилади, йиғилганлар олов устидан сакраб покланади.

Эронда «уй силкитиш» деб ном олган урф ҳам мавжуд. Унга кўра, уйдаги барча жиҳозлар ва мебель чангдан тозаланади ва ювилади. Қадим замонлардан бери олов ёқиш маросими ҳам мавжуд бўлиб, ушбу одат Эрон, Озарбайжон ва Афғонистоннинг айрим ҳудудларида сақланиб қолган ва йилнинг сўнгги чоршанбаси (чоршанбайе сури)да амалга оширилади. Байрам дастурхонини тузатиш ҳам муҳим удумлардан бири бўлиб, дастурхонга саримсоқ, танга, сумалак ва бошқа рамзий буюмлар қўйилади. Меҳмондўстлик рамзи сифатида ёнғоқ, анъанавий ва замонавий ширинликлар тортилади.

Ўзбекистон Миллий университети талабаси туркманистонлик Рамазон Аманов туркман халқининг Наврўз билан боғлиқ қадриятлари ҳақида сўзлаб берди.

— Туркманлар ҳам Наврўзни миллий баҳор байрами сифатида ўзгача кўтаринки руҳда нишонлайди, — деди у. — Ҳар йили давлатимиз томонидан Наврўз байрамига ўзгача тайёргарлик кўрилади. Бу йил ҳам шундай бўлмоқда.

Наврўзда турли хил миллий таомлар тайёрланади ва анъанавий спорт ўйинлари, айниқса, от чопиш мусобақалари ўтказилади. Бу байрам халқимиз ҳаётида эзгулик ва қут-барака тимсоли сифатида муҳим ўрин тутади.