2021 йил glavnaya Янги Ўзбекистон

“Наврўз-дўстлик байрами” мавзусидаги онлайн давра суҳбати бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 29 март куни Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, “Ўзбекистон-Греция”, “Греция-Ўзбекистон” дўстлик жамиятлари, Тошкент шаҳар грек маданий маркази билан ҳамкорликда “Наврўз-дўстлик байрами” мавзусидаги онлайн бадиий давра суҳбати ташкил этилди.

Қўмита бўлим бошлиғи З.Абидов онлайн давра суҳбати иштирокчиларини янгиланиш ва яшариш байрами билан табриклаб, Наврўз байрамининг таг заминида ўзаро ҳурмат, дўстлик, биродарлик мужассамлигини таъкидлаб ўтди. Пандемияга қарамасдан хорижий мамлакатлардаги ватандошлар билан онлайн мулоқот орқали алоқалар янада мустаҳкамланиб бораётганлиги айтиб ўтилди.

 

З.Абидов мамлакатимизда халқ дипломатиясини ривожлантиришда, яқин ва олис мамлакатларда истиқомат қилаётган, иш фаолиятини олиб бораётган ва таълим олаётган ватандошларимиз ҳамда ҳамкор ташкилотлар билан алоқалар ўрнатишда, хорижда Ўзбекистонни ҳар томонлама намойиш қилишда Қўмита ва дўстлик жамиятлари томонидан кўплаб ишлар олиб борилаётганини таъкидлаб, Грециядаги ватандошлар ва ҳамкорларни жорий йилнинг 30 июль – “халқлар дўстлиги куни” муносабати билан режалаштирилаётган “халқаро дўстлик форуми” га таклиф этди.

Бугунги кунда Ўзбекистон ва Греция ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини халқ дипломатияси воситасида ривожлантириб келаётган ташкилот “Ўзбекистон-Греция” дўстлик жамияти фаолияти, мақсад ва вазифалари, амалга оширилган халқаро тадбирлари ҳақида Жамият раиси, академик М.Ашуров батафсил тўхталиб ўтиб, Грециядаги ватандошлар билан ҳамкорликда олиб борилган ишлар аҳамияти ҳақида сўзлаб берди.

М.Ашуров Ўзбекистон-Греция дўстлик алоқаларини ривожлантиришда Қўмита жамиятни қўллаб қувватлаб кўмак бериб келаётганини таъкидлаб, бундан кейин ҳам Қўмита билан самарали ҳамкорлик олиб боришга тайёрлигини билдирди.

“Греция-Ўзбекистон” дўстлик жамияти раиси Д.Баколас Ўзбекистон ва Греция тарихан бой маданият ва урф-одатларга эга мамлакат сифатида ривожланиб келаётганлигини ҳамда бугунги кунда халқ дипломатияси орқали фан, таълим, маданият ва санъат соҳаларида кўплаб амалий ишларни амалга ошириш мумкинлигини таъкидлаб ўтди. Хусусан, Европа мамлакатлари грантларини Ўзбекистонга олиб кириш, биргаликда лойиҳалар устида иш олиб бориш истагини билдирди.

Тошкент шаҳар грек маданий маркази раиси К. Политис ҳам онлайн давра суҳбатида иштирок этиб ўзининг самимий тилакларини билдирди. У Ўзбекистонда грек диаспораси учун яратилган шарт-шароитлар етарли даражада таъминланганлиги, улар учун Ўзбекистон тарихий она ватанидек қадрли эканлигини, бу ерда яшаб келаётган бошқа миллатлар билан аҳил ва иноқ яшаб келаётганлигини айтиб ўтди.

Онлайн давра суҳбатида томонлар кейинги режаларни амалга оширишда Қўмита, дўстлик жамияти, грек маданий маркази ва Грециядаги ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда олиб боришга келишиб олишди.

Онлайн давра суҳбати конструктив руҳда ўтди.