Серқуёш Ўзбекистон диёрида истиқомат қилаётган қозоқ миллати вакиллари номидан Сизларни минг йиллардан бери ота-боболаримиздан бизга мерос бўлиб келаётган, миллий қадриятларимиз орасида алоҳида аҳмиятга эга бўлган, уйғониш ва янгиланиш фасли бўлган баҳорда нишонланиб, янги йилимизнинг кириб келишидан дарак берувчи, халқларимиз дўстлигининг рамзига айланган муқаддас байрамимиз — Наврўз айёми билан чин қалбимиздан табриклайман.
Республикамиз ўз мустақиллигига эришгандан кейин халқимизнинг йиллар бўйи кутган орзу-армонлари рўёбга чиқиб, Наврўзимиз ўзимизга янгиланиб, янги нафас, янги руҳ, янги ният, янги кайфият ва янги орзу-умидлар билан қайтиб келди. Мана 30 йилдирки у жамиятимиз, элимиз, халқимизнинг ажралмас маънавий бойлигига, улуғ қадриятларимиздан бирига, умумхалқ байрамимизга айланди.
Наврўз — меҳр-оқибат, саховат, бағрикенглик демакдир. Наврўз — шарқ халқлари учун бирлик, аҳиллик, тотувлик, меҳнат, эзгулик, бахтнинг тимсоли бўлиб, йил боши, янги йил сифатида кенг тўйланиб келинади. Шу боисдан ҳам бу куни шодланмайдиган, қувонмайдиган, меҳрланмайдиган одам бўлмайди. Бу куни энг яхши дуолар, эзгу тилаклар, самимий табриклар айтилиб, аразлашганлар бир- бирларини кечиришади, ўзаро меҳр-мурувватларини аяшмайди. Шунинг учун ҳам бу муборак кунни йил сайин халқимиз соғиниб кутишади.
Наврўзнинг яна ўзига хос томони шундаки, дастурхонларга тансиқ таом ва емишлар тортилади. Асосан сумалак, ҳалим, гўжа, кўксомса сингари шифобахш таомлар қўйилади. Наврўзнинг яна бир ажойиб хислати, бу кунлари деҳқонларимизнинг ғайратига ғайрат, шижоатига шижоат қўшилади. Улар она еримизни парваришлаб, тобига келтириб, сара уруғлар қадашади, янги ниҳоллар экишади. Шунинг учун ҳам халқимизда баҳорнинг бир куни ғанимат, у бир йилга татийди, дейишади. Чунки, баҳорда бир кун олдин экилган экин ёз ва кузга бориб бир ой олдин етилиб, мевасини беради. Наврўз айёми кунлари халқимиз қир- адирларга, боғ-роғларга, ҳиёбонларга сайилга чиқишади. Улоқ-кўкпари, от пойгаси, полвонлар кураши, мерганлик каби оммавий мусобақалар уюштиришади.
Наврўз айёми арафасида мамлакатимиз томонидан кам таъминланган ва кўп болали оилаларга, ногиронлар ва қарияларга алоҳида ҳурмат кўрсатилиб, катта моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатилади. Кўплаб янги уйлар, ишлаб чиқариш ва ижтимоий иншоатлар, билим даргоҳлари, маданият ўчоғлари ва бошқа халқимиз манфаатига хизмат қилувчи объектлар байрам кунлари тантанали равишда фойдаланишга берилмоқда.
Наврўз айёмининг қизиқарли ва тантанавор ўтказилиши республикамиздаги турли миллат вакилларини янада яқинлаштиради, бир-бирларига бўлган дўстлик ва биродарлик туйғуларини янада оширади, ўзаро бирдамлик, ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлайди. Шунинг учун ҳам биз бу Наврўз байрамига катта тайёргарлик кўриб, бир неча ўтов қуриб, уни бадиий қўл ҳунармандчилиги ва санъати асарлари билан жиҳозлаймиз, дастурхон ёзиб бешбармоқ, наврўзгўжа, бўғирсоқ каби миллий таомларимизни, қимиз ва қимрондай шифобахш ичимликларимизни меҳмонларга таклиф этамиз. Шунингдек, миллий маданиятимиз билан санъатимиз, урф-одатларимиз билан удумларимизни намойиш этамиз, ранг-баранг ва қизиқарли концерт дастурларини кўрсатамиз. Биз республикамизда барча миллий маданий марказлар каби бизнинг Қозоқ миллий маданий марказга ҳам ҳар томонлама эркин ва барча миллий қадриятларини намоён этиб фаолият юритишига тўлиқ имкониятлар яратилиб берилаётганлигидан жуда ҳам миннатдормиз.
Ўз навбатида биз республикамизда сиёсий барқарорлик ва бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатликнинг тобора мустаҳкамланиб ва уйғунлашиб боришига, халқимиз миллий қадриятларининг сақланибгина қолмай янада ривожланишини таъминлашга, қардош ўзбек ва қозоқ халқлари ўртасидаги абадий дўстлик ва изчил ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланишига, халқларимиз ўртасидаги адабий, маданий ва маърифий алоқаларнинг янада равнақ топишига ўзимизнинг хиссамизни қўшиб бораверамиз. Барчангизни Наврўз айёми билан муборакбод этиш билан бирга жонажон Ватанимиз равнақи, халқимиз фаравонлиги ва абадий дўстлигимиз йўлидаги эзгу ишларингизда улкан муваффақиятлар тилайман! Наврўзи олам Мустақил юртимизга буюк юксалиш, олийжаноб халқимизга тинчлик-омонлик, бахт-саодат ва омад ва барака келтирсин!
Ўзбекистон қозоқ миллий маданий маркази раиси
С.Усенов