2020 йил glavnaya Янги Ўзбекистон

Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан чегирмалар эълон қилинади

ТОШКЕНТ, 9 март. /«Дунё» АА/. Наврўз байрамини муносиб ўтказиш ҳамда ички туризмни ривожлантириш мақсадида «Uzbekistan Airways» ва «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятлари томонидан 2020 йилнинг 21 мартидан 23 мартига қадар барча ички рейсларга ҳамда «Афросиёб» тезюрар поездлари чипталарига чегирмалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири «Ўзбектуризм» манбасига таяниб.

Белгиланган дам олиш кунларида республика бўйлаб 346 та меҳмонхона, 77 транспорт ташкилоти, 104 та умумий овқатланиш жойи ва ресторанларда ҳам чегирмалар жорий этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 ноябрдаги «2020 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида»ги фармонига асосан халқимизга Янги йил, Наврўз, ва Мустақиллик байрамлари муносабати билан 3 кун кетма-кет дам олиш имконияти яратилган.

Ушбу Фармон, қонунчиликда белгиланган дам олиш ва ишланмайдиган байрам кунларида, фуқароларимизнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришига, оила даврасида кўпроқ вақт бирга бўлишларига ва юртимиз бўйлаб саёҳат қилишларига қўшимча шароит яратиб беради.

Бундай чегирмаларни жорий этиш орқали аҳолининг мазмунли дам олишига шароит яратилади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан ҳар йили 21 – 27 март кунлари «Театр томошалари ҳафталиги» тадбирлари ташкил қилинади.