2020 йил glavnaya Популярные новости Мероприятия Янги Ўзбекистон

“Обод қишлоқ” дастури. Чиноз тумани. Эшонобод қишлоғи

Эшонобод қишлоғи – Тошкент вилояти маркази Нурафшон шаҳридан 80 километр, Чиноз тумани марказидан 20 километр олисда, қўшни давлат билан чегара ҳудудда жойлашган. Бу масканни ўзига ватан ичра кичик ватан деб билган, бир оила фарзандларидек аҳил ва иноқликда яшаб, Ўзбекистонимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ўзбек, қозоқ, қирғиз, тожик ва бошқа миллатларга мансуб юртдошларимиз юз-кўзидаги қувончнинг, юракларни лиммо-лим тўлдириб, жўшқин дарёдек тошиб чиқаётган зўр кўтаринкилик ва шукроналик кайфиятининг чеку-чегараси йўқ бугун.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳаётга изчил татбиқ этилаётган “Обод қишлоқ” дастури натижасида янги қиёфага кирган юзлаб маҳалла ва қишлоқлар қаторидан энди мазкур аҳоли маскани ҳам жой олди. Миқёс ва мазмун жиҳатидан ниҳоятда кенг кўламга эга бўлган ушбу дастур шарофати билан қишлоқда яшаётган қарийб 3,2 минг аҳоли ҳаётида мўъжизага тенг ўзгаришлар юз берди. Жорий йилда бутун дунё давлатлари каби мамлакатимиз олдида пайдо бўлган мураккаб муаммо ва қийинчиликлар, дуч келинган турли синовларга қарамасдан, юқори суръатларда олиб борилган катта ҳажмдаги қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари туфайли “Эшонобод” бамисоли мўъжаз шаҳарча кўринишини олди.

 

Янгиланаётган Ўзбекистоннинг янгиланган қишлоғида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, бу ерда барпо этилган кўплаб ижтимоий соҳа объектлари, замонавий уй-жойлар юртимиздаги халқпарвар сиёсатнинг, она заминимизда яшаётган барча миллат ва элат вакилларига кўрсатилаётган бирдек эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир амалий ифодаси бўлди. Ўзбекистонда ҳукм сураётган ўзаро меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, тотувлик, бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшадиган янги объектларни фойдаланишга топширишга бағишланган тадбирлар том маънодаги тантаналарга, таъбир жоиз бўлса, дўстлик байрамига айланиб кетди. Давлат ва жамоат ташкилотлари, миллий-маданий марказлар вакиллари жам бўлган ушбу тадбирларда ён қўшни-жон қўшниларимиз – Қозоғистон, Қирғиз, Тожикистон Республикаларининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчилари ҳам иштирок этиб, халқимиз қувончига шерик бўлгани унга алоҳида руҳ бахш этди.

 

Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги Фавқулотда ва Мухтор Элчиси Владимир Тюрденев: “Мен кўрганларимдан ҳайратдаман. Бу Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қишлоқларни ислох қилиш ғоясини ажойиб тарзда амалга ошираётганининг тасдиғидир. Мен бу ерга ўн йил олдин келганман, аммо бу жойларни танимаяпман. Менимча, бу мутлақо бошқа маскан. Қишлоқ шароитларига мос шинам замонавий бинолар, ҳамма қулайликлар бир жойга жамланган, аҳолининг манфаатларига мос келади. Яна бир муҳим жихат – аёлларнинг касб-ҳунар ўрганиши учун шароитлар ҳозирланган. Ёшларнинг спортга бўлган иштиёқини кўрдим. Биласизми, шаҳарларда ҳам бу каби спорт залларини ҳар доим ҳам учратавермайсиз. Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, бу ерда турли миллат вакиллари истиқомат қилади. Улар биргаликда тинч-тотув, дўст бўлиб бир-бирларини қўллаб-қувватлаб келмоқдалар. Бу эса мамлакатдаги тинчлик-осойишталикнинг асосидир”.

 

 

Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Дархон Сотиболди: “Обод қишлоқ, обод маҳалла дастурларининг ҳаётга тадбиқ этилишининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Шу дастурларга кўра чекка қишлоқларда модернизация ишлари амалаг оширилмоқда. Қозоғистондан Ўзбекистон тажрибасини ўрганиш учун махсус делегация ҳам ташриф буюрган эди. Биз бундай дастурлар асосида катта масштабдаги ишларнинг кўламидан катта таассурот олдик. Билишимизча, Ўзбекистондаги 500 дан ортиқ қишлоқлар мана шундай модернизация қилинган. Ўзбекистоннинг бу тажрибасини ўргандик. Бизда ҳам узоқ қишлоқларда шу каби ишлар олиб борилаяпти. Ўзбекистонда бу дастур давом этаяпти. Бугун биз ана шундай ишларнинг гувоҳи бўлдик, боғча, мактаб ва бошқа кўплаб объктларни кўздан кечириб, аҳоли билан суҳбатлашдик. Биласизми, одамларнинг кўзида қувончни кўриш мумкин”, — деди.

 

 

Қишлоқнинг исми жисмига мос Файзобод кўчасида қад ростлаган замонавий маҳалла маркази билан танишув меҳмонларда ҳам катта қизиқиш ва тассурот уйғотди. Марказда “Обод ва хавфсиз маҳалла” ҳамда “Маҳалла раиси – ислоҳотчи” тамойиллари асосида фуқаролар билан ишлаш, ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш бўйича янги тизимни самарали жорий этиш учун барча имконият яратилган. Бинода маҳалла фуқаролар йиғини раиси, унинг ўринбосар ва турли йўналишлар бўйича маслаҳатчилари, профилактика инспектори ўзаро уйғун ва самарали фаолият кўрсатиши учун барча шароит муҳайё қилинган. Шулар қаторида мўъжаз кутубхона ва мутолаа зали, тумандаги Халқ қабулхонаси, давлат хизматлари марказининг шохобчалари, 3-сектори штаби, тиббиёт пункти, банк филиали каби одамларга максимал даражада қулайлик яратишга хизмат қиладиган объектлар ташкил этилган. Меҳмонлар бинодаги шароитлар билан танишар экан, мамлакатимизда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, икки институтни уйғун ривожлантириш борасидаги ислоҳотларнинг чекка бир қишлоқдаги натижасига юқори баҳо берди.

 

 

Ўзбекистон қирғиз миллий маданий маркази раиси Раҳматилла Жабборов: “Юртбошимизнинг 2018 йилда чиқарган “Обод маҳалла, Обод қишлоқ” дастурига биноан бугун Эшонобод қишлоғи катта совғага эришди. Бу қишлоқ янги шаҳарчага айланди десак муболаға бўлмайди. Юртимизнинг энг катта бойлиги, бу тинчлик, осойишталик. Миллатлараро тотувлик Ўзбекистонда давлатимиз раҳбарияти эътиборида. Бу байрамда қирғиз миллий маданий маркази фаоллари, Манас қишлоғидан ташриф буюрган “Маржон” ансамбли ва кўплаб меҳмонлар қатнашмоқда, мақсадимиз ва ниятимиз битта – Ўзбекистонда тинчлик ва осойишталикни сақлашга ўз ҳиссамизни қўшиш. Обод маҳалла дастури яна давом этсин, шундай байрамлар кўпаяверсин. Мен ўз навбатида барча Эшонободликларни шу қутлуғ кун билан чин юракдан табриклайман ва ўзимнинг энг эзгу ниятларимни тилаб қоламан. Биз ўзимизнинг миллий куй ва қўшиқларимиз, миллий таомларимиз ва кўргазмаларимиз билан шу байрамда қатнашмоқдамиз”.

Қишлоқда янги барпо этилган маданият саройида машғулотларни бошлаб юборган эшонободлик санъатсевар ёшлар меҳмонларни ўзларининг ижод намуналари билан кутиб олди.

200 ўринли мазкур маданият ва санъат ўчоғи кўпмиллатли қишлоқ ёшларининг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъат, компьютер технологиялари билан машғул бўлиши учун ниҳоятда катта имконият аслида.

 

Ёш-у кексанинг китобхонлик маданиятини юксалтириш, дам олиш шароитларини яхшилаш учун “Китобхонлар боғи”нинг барпо қилиниши – қишлоқ ҳаётида катта воқелик бўлди. Хиёбон марказидаги Китоб монументи эса мамлакатимизда ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини оширишга, уларни китоб билан дўст бўлишига, аҳолининг китобхонлик савиясини янада оширишга алоҳида эътиборнинг ёрқин ҳаётий исботидир. Алишер Навоий, Мусо Хоразмий, Абдулла Қодирий, Абай Қўнонбоев, Чингиз Айтматов, Садриддин Айний, Александр Сергеевич Пушкин каби буюк аллома, маърифатпарвар ижодкорларнинг турли тиллардаги асарларини бирлаштириб турувчи ўқилдиз эса битта – инсонни қалбан улғайтирадиган Маънавиятни англаш. Бу хиёбондаги Китоб монументида номи зикр қилинган ижодкорларнинг асарларини махсус штрих кодлар орқали мобиль қурилмаларга осон юклаб олиш имкони ҳам яратилган.

Бу хиёбон – мамлакатимиз ва жаҳондаги энг нодир меъморий обидаларнинг ихчам макетларини ўзида мужассам этган. Хиёбонда Қозоғистондаги Бойтерак, Франциядаги Эйфел минораси, АҚШдаги олтин кўприк, Россиядаги Қизил майдон, Буюк Британиядаги Биг Бен соатининг ихчам макетлари ҳам ўрин олган. Бугун Биг Бен соати Эшонобод вақтини ҳам кўрсатмоқда.

 

 

“Янги Ўзбекистон остонаси мактабдан бошланади” ғояси Эшонобод қишлоғи ҳаётида ҳам мустаҳкам қарор топди. “Обод қишлоқ” дастури доирасида қишлоқдаги 350 ўринли 20-умумий ўрта таълим мактаби тўлиқ таъмирланди, қўшимча равишда 180 ўринли бино қурилиб, замонавий асосда жиҳозланди. Бу мактабда таълим ўзбек, қозоқ ва қирғиз тилларида олиб борилади. Худди шунингдек, Каналобод маҳалласида жойлашган 36-мактаб биноси ҳам янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Ўзбекистон тожик миллий маданий маркази раиси Жаъфар Холмўминов: “Обод маҳалла” дастурига киритилган Эшонобод қишлоғида барпо этилган янги иншоатлар юртимизда олиб борилаётган бунёдкорлик ишларнинг ёрқин намунаси деб биламан. 2018 йили биз қўшни тожик миллати вакилларини ташкил этадиган “Тонг юлдузи” маҳалласининг шундай байрамларида турли миллат вакиллари қаторида биз ҳам қатнашган эдик ва бугун Эшонобод мисолида Ўзбекистонда миллатлараро тотувликни таъминлаш борасида олиб борилаётган сиёситнинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Бу каби тадбирлар халқларимиз ўртасидаги дўстлик, қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Чиноз ўзига хос туроли миллатларни бирлаштирган худуд сифатида танилган. Бу ерда ўзбек халқи билан бирга тожиклар, қозоқлар, татарлар, руслар, қирғизлар ва бошқа миллат вакиллари ёнма-ён дўст ва иноқликда яшаб келишади. Биз ана шу муносабатларнинг абадий бўлиб қолишига ишонамиз”.

 

 

Аҳолини, айниқса, уйда ўтирган хотин-қизларни иш билан таъминлаш орқали уларнинг турмуш фаровонлигини ошириш “Обод қишлоқ” дастурининг бош мақсадларидан бири. Эндиликда қишлоқда яшовчи чеварлар ҳамда янги иш ўрганиб, қўли келишган тикувчилар мана бундай замонавий тикув корхоналарида меҳнат қилиб, рўзғорига барака киритмоқда. Олис бир ҳудудда марказдагидан асло қолишмайдиган корхона қурилгани, икки сменада 500 нафар хотин-қиз Европадаги замонавий брендлар туркумига кирадиган классик услубдаги кийимларни тикаётгани, маҳсулотларни экспорт чиқариш ҳам бошлангани меҳмонлар томонидан юксак эътироф этилди. Ҳақиқатан ҳам, бу билан қишлоқларимизга янги ҳаёт, янги саноат маданияти ҳам кириб келмоқда. Аҳамиятлиси, шу ерда хотин-қизларга тикиш-бичиш сир-асрорини ўргатувчи 200 ўринли замонавий ўқув маркази ҳам иш бошлади.

Аниқ рақамларга мурожаат қилсак: “Обод қишлоқ” дастури доирасида  бешта нуқтада 400 метр ер қаъридан чучук сув чиқарилиб, 14 км. сув тармоғи тортилди, 2 та ичимлик суви объекти қурилди. Натижада, “Эшонобод” ва унга қўшни бўлган “Бирлик”, “Сутбулоқ”, “Узумзор”, “Ғайрат”, “Тонг юлдузи” ва “Ўзбекистон” маҳаллаларидаги 13 мингдан ортиқ аҳоли оби ҳаёт билан таъминланди.

 

 

Аслида ҳам эзгулик миллат-у тил танламайди. Эзгу ният, эзгу сўз, эзгу амал бирлашган нуқтада бунёдкорлик қудрати ўз сўзини айтади. Дилларни дилларга пайванд этадиган ҳам, инсонларни буюк мақсадлар йўлида бирлаштирадиган ҳам, одамзот ҳаётининг мазмуни ҳам фақат ва фақат эзгуликдир.