2020 год glavnaya Мероприятия

Қодирийни эслаб…

Абдулла Қодирий таваллудининг 125 йиллигига
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида атоқли адиб Абдулла Қодирий ижодига бағишланган «Қодирийни эслаб…» номли маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда миллий адабиётимиз равнақига катта ҳисса қўшган ёзувчи ва шоирлар меросини асраб-авайлаш, уларнинг ижодини батафсил ўрганиш, ёш авлодда миллий адабий меросимизга ҳурмат ва эҳтиром туйғуларини мустаҳкам қарор топтириш масаласига доимий эътибор қаратилмоқда.
Шу кунларда мамлакатимизда буюк адиб Абдулла Қодирий таваллудининг 125 йиллигига бағишланган давра суҳбатлари, адабий анжуманлар, учрашувлар бўлиб ўтмоқда. Ёзувчи асарларида ифодаланган бетакрор миллий руҳ, ўзига хос оҳанг, юксак инсонпарвар ғоялар ўқувчини такрор-такрор унинг китобларига мурожаат этишга ундайди.
– Бобомизнинг асарларида илгари сурилган ғоялар инсонпарвар, эркпарварлиги билан ўқувчи эътиборини ўзига жалб этади, – деди Абдулла Қодирийнинг невараси Ўлмасхон Раҳимова. – Биз, ижодкор авлодларининг аксарияти тиббиёт, ўқитувчилик соҳаларида меҳнат қилсак-да, ҳамон Қодирий асарларининг мазмуни, мағзини муҳокама ва таҳлил этишни ёқтирамиз. Доим буюк адиб бобомизга муносиб ворис бўлишга астойдил интилиб яшаймиз.
– Абдулла Қодирий ўзбекнинг юзи, маданияти, менталитетини, миллий табиатини ойдек равшан кўрсатиб берган адиб, – деди Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети катта ўқитувчиси Анвар Юсупов. – Унинг асарлари немис тилига ҳам таржима этилган. Ҳозирги кунда Европада қарийб 140 миллион одам немис тилида сўзлашади. Германиядаги йирик кутубхоналарда Қодирий асарларини топиб мутолаа этиш мумкин. Бироқ ушбу асарлар она тилимиздан эмас, бошқа тилдан немис тилига ўгирилган. Эндиликда эса Қодирий асарларини бевосита ўзбек тилидан олмон тилига таржима қилиш устида жадал иш олиб борилмоқда. Бу эса адибнинг ўқувчига айтмоқчи бўлган фикрларини теранроқ етказишда жуда муҳимдир.
Тадбирда Қодирий меросининг бадиий, тарбиявий аҳамияти ҳақида батафсил сўз юритилди.

 

Н.УСМОНОВА, ЎзА