2020 йил glavnaya Янги Ўзбекистон

Она ер қизига юксак эҳтиром

Байрам арафасида Ўзбекистон Қаҳрамони, сенатор Лолахон Муротова Президентимизнинг эҳтиром табригини қабул қилди.

Жасоратли ўзбек аёлининг чинакам тимсоли — Лолахон Муротованинг узоқ йиллик меҳнатлари қадр топган кунларига гувоҳ бўлиш унинг елкадошлари учун ҳам шараф. Қаҳрамоннинг далаларида кўклам нафаси кезиб, баҳорнинг мўъжизавий ҳислати акс этаётган байрамона кунларда унга Президентимизнинг оташин саломи йўғрилган эҳтиром табриги ва совғаси келди.

Ўша дақиқаларда юртимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев телефон орқали Лолахон Муротовани кириб келаётган 8 март-Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан қизғин муборакбод этди.

Опанинг хонадони Юртбошининг юксак эҳтиром зиёси билан нурланди. Хонадонга ташриф буюрган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева, Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев ва вилоят фаоллари Ўзбекистон Қаҳрамони билан дийдорлашиб, Президент эътибори замирида халқимизнинг меҳри ва эъзози мужассам эканини эътироф этишди, деб хабар беради Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.

Ўз навбатида қаҳрамон аёл мамлакат Президентига бундай ҳурмат ва эътибор учун ташаккур билдираркан, бундан буён ҳам элимиз фаровонлиги, дастурхонларимиз тўкинлиги йўлида фидоийлик билан меҳнат қилишга, азму шижоатини Она Ватан истиқболига бахш этишга сўз берди. Тупроқсевар кўнгилга, жасоратли аёл қалбига минг таъзим!