2020 йил glavnaya Мероприятия Янги Ўзбекистон

Она тили эъзоз ва эътиборда бўлмоғи керак​

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида 21 февраль – Халқаро она тили кунига бағишланган бадиий-мусиқий кеча бўлиб ўтди.

Қўмита раиси Рустамбек Қурбонов ва бошқалар мамлакатимизда турли миллат вакилларининг ўзаро ҳамжиҳатлиги ва аҳиллигини сақлаш борасидаги эзгу ишларда она тилдимизнинг жамиятдаги мавқеи ва аҳамиятини юксалтиришга ҳам жиддий ва доимий эътибор қаратилаётганини таъкилади.

Маълумки, тил инсониятнинг моддий ва маънавий меросини асрашнинг энг кучли воситаси саналади. Маълумотларга кўра, ҳозир дунёда 7 мингдан ортиқ тил бор. Бироқ шиддатли бугунги даврда уларнинг ярми йўқ бўлиб кетиши эҳтимоли кучли. Шу сабабли она тилларнинг кенг тарқалишига оид барча саъй-ҳаракатлар наинки тилларнинг турли хиллиги ва кўп тиллиликнинг шаклланиши, балки бутун дунё бўйлаб тил ва маданий анъаналар билан тўлиқроқ танишишга, ўзаро тушунишга, мулоқотга асосланган бирдамликни ҳам мустаҳкамлашга хизмат қилади.

– Бенгал тили ҳам ўзбек тили каби жозибадор, – деди Бангладеш Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Мосуд Маннан. – Бундай санани нишонлаш ташаббуси билан кўп йиллар аввал Бангладеш чиққан эди. Ушбу байрам она тилларини янада равнақ топтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Юртингизда ўзбек тилининг жамият ҳаётидаги мақомини тобора юксалтириш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатлар диққатга сазовор. Шу билан бирга Ўзбекистонда истиқомат этаётган 130 дан ортиқ миллат вакилларининг она тилларини ривожлантириш учун яратилган шароитлар ибратлидир.

photo5368354532251250114.jpg

– Отам ўзбек, онам украин, – деди Рус миллий маданият маркази қошидаги «Поюшие сердца» хор жамоаси раҳбари Юлия Машрабова. –Аслида жонажон Ватанимизда кимнинг қайси миллатга мансублигини деярли суриштирмайдилар. Бу эса ўзбек халқининг нақадар бағрикенг, меҳридарё эканининг тасдиғидир. Ўзбекистонда ўзбек тилининг жамият ҳаётидаги ролини ошириш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатлар бу тилга бўлган эътиборни тобора орттирди. Биз ижодий жамоада рус тилидаги қўшиқлар билан бирга ўзбекча қўшиқларни ҳам мароқ билан куйлаймиз.

photo5368354532251250113.jpg

– Ўзбекистон биз учун ягона ва аҳил оиладир, – деди Ўзбекистон корейс миллий маданий марказлар ассоциацияси вакили Алла Югай. –Қирқ йил корхонада оддий ишчи бўлиб ишладим. Шу ерда оила қурдим. Турмуш ўртоғим ўзбек тилида тўкис сўзлашади. Мен ҳам ўзбек тилига ҳурмат билан муносабатдаман. Унда имкон қадар саводли сўзлашишга интиламан. Айни пайтда юртимизда барча миллатларнинг тили, анъаналарини ривожлантиришга доимий эътибор қаратилаётганидан ғоят миннатдормиз.

Тадбирда миллий маданий марказлар қошидаги бадиий жамоалар иштирокида концерт намойиш этилди. Турли тилларда шеърлар, бадиий асарлардан намуналар янгради.

photo5368354532251250112.jpg
Назокат УСМОНОВА, Фарҳод АБДУРАСУЛОВ​ (сурат), ЎзА