2020 год glavnaya Популярные новости

“Она тилим, сен борсан, шаксиз…”

Тил масаласи, умуман, тил муаммолари ҳеч қачон мавсумий бўлмаган. Негаки, унда муайян миллат ҳаёт-мамоти, тақдири, келажаги мужассам.

Қолаверса, Маҳмуд Қошғарийлар, Юсуф Хос Ҳожиблар, ўзбек адабий тили асосчиси Алишер Навоийлар, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурлар замонларидан буён тил кун тартибидаги энг долзарб масала бўлиб келмоқда ва шундай бўлиб қолади.
Она тилимизга Давлат тили мақоми берилганлигининг ўттиз йиллиги нишонланаётган ушбу муборак кунларда мустақилликка эришилгунгача тилимизга бўлган муносабат, бу борадаги келгуси вазифалар хусусида фикр юритиш, мулоҳазалар билдириш жуда ўринли, албатта.
Собиқ тузум йиллари она тилимиз Ўзбекистонда номигагина давлат тили эди, холос. Ўқишга, ишга кириш учун аризалардан тортиб ҳамма-ҳаммаси рус тилида ёзилсагина қабул қилинар, очиғини айтганда, барча ёзув ишлари рус тилида юритилар эди.
Баъзи арбоблар, айниқса, ўзимиздан чиққанлари ўзбек тилини қўл учида эмас, ҳатто оёқ учида кўрсатишга ҳам ор қилишарди.
Агар вақт топиб, республика газета-журналларининг ўша йиллардаги тахламларини олиб, эринмай варақласангиз ҳайратдан ёқа ушлашингиз табиий. Сўз, иборалар қўллашда, имло қоидаларига амал қилишда айрим матбуот нашрлари ўзига хос “пойга” ўйнашар эди. Отахон газеталардан бири “Лотокдаги потоклар” деган сарлавҳани қўйиб, “улоқ”ни олиб кетганини тенгдош ҳамкасбларим яхши эслашади.
Камина ҳозирги Ўзбекистон Миллий (аввалги Тошкент давлат) Университетида ўқиб юрган йилларим ўзим гувоҳ бўлган бир воқеани таъкидлаб ўтмоқчиман.
…Хуллас, журналистика факультетида навбатдаги очиқ партия йиғилиши бошланди. Кун тартибидаги қайсидир масала бўйича иштирокчилар ўз муносабатларини билдираяпти. Навбат раҳматли устозимиз Ғайбуллоҳ Саломов (кейинчалик ас-Салом бўлдилар)га етди. Домла минбарга чиқиб кулиб юбордилар:
–Мана, ҳамма миллатларнинг ҳуқуқи тенг бўлган Совет иттифоқидаги аҳвол!..
Йиғилиш қачон тугар экан, деган хаёлда мудраётган кишилар бирданига сергак тортишди. Қани, бу ёғи қандай бўлади?!
Устоз давом этдилар:
–Қаранг, залда бошқа миллат вакилларидан бирор киши ҳам йўқ! Ҳаммамиз ўзбеклармиз, лекин тўлиб-тошиб, чала-чулпа бўлса ҳам рус тилида гапириб, ўзимизни кўрсатмоқчи бўлаяпмиз!
Раҳматли Очил Тоғаев домла қарсак чалиб юборди. Саломовга ўқрайиб қараган кўзлар энди Тоғевга қадалди.
Тил, бошқа ижтимоий масалалар хусусида бу икки устознинг бошидан айлантирилган тегирмон тошлари ҳақида салмоқли роман ёзиш мумкин.
Ҳаммаси йиғилишдан сўнг бошланди. Кимдир бўлиб ўтган бу гаплар борасида тегишли кишиларга, мутасадди ташкилотларга ёзма ёки оғзаки равишда хабар беришни “сиёсий хушёрлик”, ҳатто, “шараф” деб билгани аниқ.
Булар – ўтиб кетган гаплар. Ўтмишдан хулоса чиқарадиганлар кўп ва ёки аксинча…
Камина бу ёзганларим билан кимнингдир кўнглига ғулғула солиш ёки миллатчилик қилишдек манфур туйғулардан жуда йироқман.
Она тилимизни камситишни, бундан ҳам баттари – миллатчиликдек жирканч иллатга ҳар қадамда гувоҳ бўлар эдик ўша йиллари…
Таниқли ижодкорлар, санъаткорлар, умуман, илғор фикрли, кенг дунёқарашли зиёлиларимизнинг шиддатли саъй-ҳаракатлари билан 1989 йил 21 октябрь куни она тилимизга Давлат тили мақоми берилган сана сифатида тарихда қолди.
Тилимизни ўзбекчалаштирамиз деб анча-мунча чалғишлар ҳам бўлганлигини инкор эта олмаймиз. Масалан, самолётни учоқ, газета-журналларни рўзнома, ойномаю жарида деб гапирдик, ёздик. Бу ҳолатларга ўз вақтида эл суйган адиб Ўткир Ҳошимов холисона баҳо берган эди:
–Машина карбюраторини нима деймиз ўзбекчага? – деб сўради адиб телевизордаги суҳбатларининг бирида. Ахир, машинанинг бу қисми ҳамма тилда бир хил айтилади-ку!..
Устоз ёзувчи, меҳридарё инсон Неъмат Аминовнинг шу мавзуда ёзган ҳажвияси ичакузди ҳангомага айланиб кетганини ҳаммамиз яхши эслаймиз.
Истиқлолга эришганимиздан сўнг бунёдкор халқимиз ижтимоий, иқтисодий, мaънавий ҳаётнинг кўплаб йўналишларида дунёга чиқа бошлади. Масалан, полвонларимиз мусобақаларда қўллайдиган “чала”, “ёнбош”, “ҳалол” сўзлари бутун жаҳон спортчилари ўртасида оммалашиб кетди.
Боксчиларимизнинг яқинда эришган улкан, дадил айтиш мумкинки, жаҳоншумул ютуқларига барчамиз гувоҳмиз. Бундан ҳаммамиз ғурурланиб юрибмиз.
Эндиликда замон, муҳит, шароит бутунлай ўзгарди. Чет давлатларининг мамлакатимизда фаолият юритаётган элчилари, кўплаб халқаро ваколатхоналар раҳбарлари ўзбек тилида гапиришаётгани бизни беҳад тўлқинлантириб юборади.
Ютуқларимиз кўп, аммо мамлакатимизнинг катта шаҳарларидан тортиб, чекка ҳудудларигача бўлган жойлардаги хизмат кўрсатиш шаҳобчалари тепасидаги инглизча ёзувлар ҳаддан ташқари кўпайиб кетаётгани сизга эриш туюлмаяптими?
Бу борада баҳамжиҳат бўлиб, қўлни қўлга бериб ишлашимиз, тил, имло бўйича амалдаги қонун-қоидалар ижросига масъулият билан қарасак, она тилимиз янада ривожланади, дунёдаги энг буюк тиллардан бирига айланади. Ўз даврида беназир замондошимиз Абдулла Орипов:
Она тилим, сен борсан, шаксиз
Булбул куйин шеърга соламан.
Сен йўқолган кунинг, шубҳасиз,
Мен ҳам тўти бўлиб қоламан,
– деб ёзган эди. Илоҳим,тўтилик қилиш куни асло бошимизга тушмасин…
МИЛЛАТИМ ИЛДИЗИ
…Яратганнинг изни – қудрати балққан –
Керакли нуқтани топа олган кўз.
Ё Аллоҳ, меҳр, нон – билмам не ҳақда –
Одам Ато айтган энг биринчи сўз.
 
…Миллатим илдизи замин қаъридан
Ўсиб ёриб чиққан тоғу тошларни.
Камалак шуъласи само бағридан
Сассиз ювиб ташлар ғубор, лошларни.
 
…Ёришгай онг-шуур, мантиқ, тафаккур,
Дардларин тўлқини сиғмаган ичга.
Табассум, шукрона, ҳадсиз ташаккур –
Сирлар сандиғининг тилсимин ечган.
 
…Замҳарир, изғирин ёки саратон
Забтидан турланар, тусланар олам.
Ҳайратдан юраги ёрилса инсон –
Тупроқ илк қоғоздир, қамиш – илк қалам.
 
…Қақнусдай ўзликни танимоқ учун
Қайроғин қайради неча минг-минг йил.
Истайди бўлмоқни мукаммал, бутун
Самоларга қадар юксалган кўнгил.
 
…Буюк саодатдир вақт ҳар онига –
Сўзлар обидаси – нилий қасрлар.
Навоий бошлаган тил карвонига
Қучоғини очар даҳо асрлар.
 
…Зуғумлар қиличин синдирган нақлим,
Асло хаёлимга инмагай малол.
Имлони гул каби алқаган халқим –
Ўзинг ҳам, сўзинг ҳам ЎЗБЕК бўлиб қол!..
Одил ҲОТАМОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
Навоий вилояти

 

ЎзА