2020 йил 21 май куни Тошкент давлат иқтисодиёт университетида “Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик, миллий, диний ва сиёсий бағрикенгликни янада ривожлантиришнинг ижтимоий, фалсафий масалалари” мавзусида республика миқёсидаги онлайн илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Zoom платформаси ёрдамида ўтказилган анжуманда Ўзбекистон “Адолат” Социал-демократик партияси ва унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги депутатлари, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази, Ёшлар иттифоқи фаоллари, ННТ вакиллари, Ўзбекистон, Россия, Канада, Қозоғистон олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, докторантлар иштирок этди.
Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 2018 йил 12 декабрдаги ялпи сессиясида қабул қилинган “Маърифат ва диний бағрикенглик” махсус резолюцияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 май, ПФ-5046-сонли “Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “2020 йил – Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган вазифалар муҳокама қилинди.
Масофавий бўлиб ўтган конференцияда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва xорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Р.Қурбанов Ўзбекистонда хукм сураётган миллатлараро тотувлик ва ҳамжихатликни таъминлашда мамлакатимиз раҳбарияти томонидан олиб борилаётган оқилона миллий сиёсатнинг юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат вакиллари томонидан эътироф этилиши, бу йўналишда Қўмитанинг фаолияти ҳусусида маъруза қилди.
Бугун юртимизда 141та миллий-маданий марказ мавжуд. Уларда турли миллат ва элат вакиллари ўз она тили, миллий қадриятлари, тарихи, маданиятини ўрганиш, уларни ёшларга етказиш, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик ғояларини илгари суриш борасида кенг кўламли ишларни амалга ошириб келмоқда. Республикамизда таълим 7 тилда, ўзбек ва қорақалпоқ тилларидан ташқари рус, тожик, қозоқ, қирғиз ва туркман тилларида ҳам олиб борилаяпти. Уларда ёшларга она тили ва давлат тили, урф-ожат ва анъаналар, маданият ва санъат ўргатилади.
Тадбир қатнашчилари Ўзбекистонда турли миллат ва элатлар, диний конфессиялар вакиллари ўртасидаги аҳил-иноқлик, ҳамжиҳатликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, тинчлик-осойишталик, барқарорликни сақлаш йўлида олиб борилаётган оқилона ислоҳотлар, амалий чора-тадбирлар ҳақида сўз юритилди. Ўзбекистон заминида турли халқлар меҳр-оқибат, қардошлик тамойиллари асосида тинч-тотув яшаб келаётгани, бугунги кунда бағрикенгликнинг буюк тарихий анъаналарига монанд 130 дан ортиқ миллат ҳамда элат вакилларининг виждон ва эътиқод эркинлиги кафолатланганини таъкидлади.
Масофавий анжуман доирасида Ўзбекистонда миллатлараро ва конфессиялараро тотувлик, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича яхлит тизимни ривожлантириш ҳамда “Маҳалла ва оила” институтини такомиллаштириш, ёшлар дунёқарашида толерантликни шакллантиришнинг ўзига хослиги, замонавий оилани мустаҳкамлаш омилларига доир ўттизга яқин мақолалар тақдимоти бўлиб ўтди.