2021 йил glavnaya Популярные новости

Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасида “Марказий Осиё” халқаро маркази очилади

Қозоғистон ва Ўзбекистон чегарасида жойлашган Мақтаарал туманидаги учта чегара бекати икки мамлакатни ўзаро боғлайди. Чунончи, “Атамекен” божхона бекати ва “Сирдарё”, “Целинный” чегара ўтказиш бекатлари орқали кунига юзлаб енгил машина ва юк машиналари бориб-келмоқда.

Мақтаарал тумани Ўзбекистоннинг Сирдарё ва Жиззах вилоятларидаги 4 та туман билан чегарадош. Айнан шундай географик имкониятдан фойдаланиб, туманда Ўзбекистон Республикаси билан савдо-сотиқни ривожлантириш учун халқаро савдо мажмуасини қуриш ўта муҳим.

Қозоғистон Республикасининг биринчи президенти – Элбоши Н. Назарбаев 2018 йили “Марказий Осиё” халқаро савдо иқтисодий ҳамкорлик марказини тузиш тўғрисида топшириқ берган эди. Жорий йилнинг 26 январида Қозоғистон Республикасининг Президенти Қасим-Жўмарт Тўқаев раислигида Ҳукуматнинг кенгайтирилган мажлисида Ҳукумат раҳбарига  “Марказий Осиё” халқаро савдо-иқтисодий ҳамкорлик марказини ташкил қилишни тезлаштиришни топширди.

Шунга мувофиқ, ҚР Савдо ва интеграция вазири Бақит Султанов ва вилоят тадбиркорлик ва савдо бошқармасининг раҳбари Нурбақит Иманқулов Мақтаарал туманида хизмат сафари билан бўлиб, чегара қошидаги бекатлар фаолияти билан танишди. Вазирнинг хизмат сафари чоғида  Ўзбекистон Республикасининг ушбу соҳага  масъул вазири ўринбосарлари ҳамроҳлик қилишди.

– Мақтаарал туманида Буюк Ипак йўлининг бир тармоғи ҳисобланган М-39 ”Тошкент – Термез” йўналишидаги магистрал даҳлизи мавжуд. Ушбу автомобиль йўлининг имкониятидан фойдаланиб, минтақада савдо-сотиқни юқори даражада ривожлантириш мумкин. Масалан, бир вақтлар халқаро даражада хизмат кўрсатган бетонка йўл бўйидаги “Сапар” бозорини халқаро миқёсда қайтадан ривожлантирсак – минтақада минглаб одамларни иш билан таъминлаймиз, – деди Бақит Асанов.

Вазирнинг сўнгги тўхтаган жойи – “Атамекен” божхона бекати бўлди. Бунгача қўшни элга ўтмоқчи бўлган юк машиналари божхона бекати қошида тизилиб, йўл ҳаракатига халақит берарди. Масалани ҳал қилиш учун божхона бекати ҳудудини ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, кенгайтириш режаси тузилди. Чунончи, чегара қошида савдо-логистика марказини қуриш,   шу жумладан, савдо бозорлари, меҳмонхона, автотураргоҳ, омборлар, уй-жой ва турли спорт майдончаларини барпо этиш кўзда тутилган. Ҳозирги кунда автотураргоҳ фйдаланишга берилган. Шунингдек, тадбиркорлар ҳисобидан бошқа иншоотлар ҳам қурилмоқда.

Вазир Бақит Султанов “Марказий Осиё” халқаро савдо марказини қуриш учун танланган бекат ҳар томонлама текширилиб, режа тузилиб, қарор қабул қилинишини айтди.

Бу ҳақда  Туркистон вилоят ҳокимининг матбуот хизмати хабар берди.