Президент коронавирус юқтирилишининг олдини олиш, ўлим ҳолатларини кескин камайтириш мақсадида амалдаги карантин чекловларини узайтиришга розилик билдирди.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида навбатдаги видеоселектор йиғилишида коронавирус пандемиясига қарши олиб борилаётган курашга алоҳида тўхталиб ўтилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.
Президентнинг қайд этишича, бугунги кунда энг муҳим вазифа аҳоли ўртасида вирус занжирини узиш ҳисобланади. Бунинг учун карантин талабларига сўзсиз амал қилиш, уларнинг иммунитетини мустаҳкамлаш, соғлигини асраб-авайлаш, ҳар бир инсоннинг ҳаёти учун курашиш зарур.
Шу муносабат билан, шунингдек, касаллик юқтирилишининг олдини олиш, ўлим ҳолатларини кескин камайтириш мақсадида Республика махсус комиссиясининг амалдаги карантин чекловларини узайтириш таклифига розилик билдирилди.
Бугун пандемияни жиловлашда ҳокимликлар, секторлар, соғлиқни сақлаш, ички ишлар идоралари раҳбарлари ва ходимлари, маҳалла фаоллари, нуронийлар зиммасида жуда катта масъулият турибди. Чунки аҳолининг аксарияти, кексалар, болалар, хотин-қизлар уйда ўтиришга мажбур. Уларнинг биринчи галдаги ҳаётий эҳтиёжларини таъминлаш, тегишли тиббий ва бошқа ёрдам кўрсатиш айнан ана шу ташкилотларга ва фаолларимизга боғлиқ.
— Барчамиз ҳамжиҳатликда, чуқур масъулият билан тизимли ишласак, бу оғир синовларни албатта енгамиз. Яна бир бор такрорлайман, бугунги кундаги энг муҳим талаб — барчамиз пандемия шароитида яшаш ва ишлашга ўрганишимиз шарт, — деди, жумладан, Президент Шавкат Мирзиёев.