2020 год glavnaya

“Президент арчаси“ тантаналари бошланди (ФОТО)

Мамлакатимизда “Президент арчаси“ тантаналари бошланди. Ана шундай тадбирларнинг дастлабкиси пойтахтимиздаги “Туркистон“ саройида бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, таълим олиши учун зарур барча имкониятларни яратиш доимий эътиборда. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ёшлар тарбиясига оид бешта ташаббус жойларда изчил жорий этилмоқда. Ўқувчи-ёшларни маданият ва санъат муассасаларига кенг жалб этиш, уларни спортга ошно қилиш, компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланиш чора-тадбирларини кўриш, маънавиятини юксалтириш билан бирга китобхонликни кенг тарғиб этиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Айни пайтда халқ таълимидаги ўзгаришлар ҳам ота-оналар, педагоглар, ўқувчи-ёшларнинг фикр ва мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда, ўқув-тарбиявий ишларнинг самараси ва натижадорлигини янада юксалтиришдек мақсад сари амалга оширилаяпти. Юртбошимизнинг ёш авлодга бўлган ғамхўрлиги ва эътиборининг ёрқин ифодаси бўлган “Президент арчаси” тантаналари болажонларнинг энг севимли байрамларидан бирига айланиб улгурган. Халқ таълими вазирлиги томонидан мамлакатимизнинг барча ҳудудида “Президент арчаси” тадбирларини кўтаринки руҳда ўтказиш бўйича белгиланган вазифалар ижроси юзасидан тегишли бўлган ҳамма чоралар кўрилди.

photo5206686500031409577.jpg

Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан тақдим этиладиган бир қатор ўқув анжомлари, кўплаб ширинлик ва ўйинчоқлар, уларни жойлаштиришга мўлжалланган махсус совғалар қопчиғидан иборат бўлган жами 11 минг дона совға кичкинтойлар учун ҳозирлаб қўйилди.

…“Туркистон“ саройи фойесида гўзал зумрад арча турфа ўйинчоқлар, зеб-зарлар билан зийнатланган. Қорбобо-ю Қорқиз, турфа эртак қаҳрамонлари, цирк ва эстрада санъати усталари томонидан тайёрланган дастур барчага кўтаринки кайфият улашмоқда.

photo5206686500031409576.jpg

— Мен ўтган йили ҳам “Президент арчаси“да қатнашгандим, — деди “SOS — болалар маҳалласи“ тарбияланувчиси, 12 ёшли Нилуфар Камолова. — Биз бу Янги йил байрамига яхшилаб тайёргарлик кўрдик. Шеърлар ёдлаб, янги ашула ва рақслар ўргандик. Бундай байрамда қатнашишни ҳамма болалар орзу қилади.

— Кўнгли ярим болалар манфаатларини таъминлашга, уларга тўлақонли таълим-тарбия беришга, соҳа ходимларининг меҳнатини рағбатлантиришга, болаларни оилавий муҳитда тарбиялашга жиддий эътибор қаратилмоқда, — деди Тошкент шаҳридаги 23-Меҳрибонлик уйи директорининг ўринбосари Нигора Шоматова.- Президентимизнинг тегишли қарори асосида Меҳрибонлик уйлари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, болаларни имкон қадар оила муҳитида тарбияланиши учун патронат хизматни кучайтириш ва бошқа йўналишларда кўплаб амалий чоралар кўрилмоқда. Бугунги шодиёна ҳам болажонларга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг амалдаги яна бир намунасидир.

photo5206686500031409578.jpg

Беш яшар Ваня Гочковский 23-Меҳрибонлик уйида тарбияланади. Кичкинтой вужудидаги яширин хасталикни ўзи сезмаган ҳолда болаларча шўхлик, беғуборлик, покиза қалб билан енгиб келмоқда.

— Арча байрами менга жуда ёқди, — деди Ваня лунжига тўлдириб олган конфетни қарсиллатганича. — Қобобоям, Қорқиз ҳам, циркчилар, ашула-ю ўйинларнинг ҳаммаси жуда з-зў-ўр! “Президент арчаси“ роса мазза байрам экан!

photo5206239746123213927.jpg

Байрам иштирокчилари залга таклиф этилади. Бири қуёнча, бошқаси қорпарча, яна кимдир қорбола кийимида сафланган кичкинтойлар камалакранг шарлар, турфа рангга кирувчи ўйинчоқларни тутганча ўз ўринларини эгаллайди. “Томоша“ болалар ижодий студияси томонидан тайёрланган “Биз таратган нур!“ номли мусиқий спектакль қизиқарли саҳнавий кўринишлар, видео лавҳалар, мультфильмлардан парчалар, қувноқ роликлардан таркиб топган. У ҳар бир томошабинни болаликнинг гўзал онларига қайтариши шубҳасиз. Табиатни, она-Ватанни асраб-авайлашга, кичикларни ҳимоялашга, катталарга ҳурматда бўлишга, одобли, интизомли бўлиш ва аъло ўқишга, китоб билан дўстлашишга ундовчи томоша барчага манзур бўлди.

Тадбир ниҳоясида болажонлар “Президент арчаси“ қўшиғини биргаликда куйладилар. Уларга давлатимиз раҳбарининг Янги йил байрами совғалари топширилди. Кичкинтойларга аталган шодиёна жуда завқли ўтди. Бу каби байрам тантаналари мамлакатимизнинг барча ҳудудларида давом этмоқда.

photo5206686500031409575.jpg

 

Назокат УСМОНОВА,Фарҳод АБДУРАСУЛОВ (сурат) ЎзА