Муносабат
Президентимизнинг жорий йил 7 апрелдаги “Тиббий-санитария соҳасида кадрларни тайёрлаш ва узлуксиз касбий ривожлантиришнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳани янги босқичга олиб чиқадиган ҳужжатдир.
Мазкур ҳужжат тиббий-санитария ходимларини касбий ривожлантириш тизимини яхшилаш, соҳада етук ва чуқур билимга эга кадрларни замонавий таълим стандартлари асосида тайёрлаш, тиббиёт ташкилотлари, айниқса, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларини профессионал мутахассислар билан таъминлаш, тиббиёт таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг мавқеини ошириш, шунингдек, 2019–2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясида белгиланган вазифаларни изчил амалга оширади.
Қарорга кўра, 47 та тиббиёт коллежини Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари этиб қайта ташкил этилиши мамлакатимиз тиббиётида узлуксиз таълим кластерини шаклланишига асос бўлади.
Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумларини муваффақиятли тамомлаган битирувчилар ўз соҳасига мос тиббиёт олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кириш имтиҳонларисиз якка тартибдаги суҳбат орқали олий таълим муассасаларида 2-курсдан ўқишини давом эттириш ҳуқуқига эга бўлади.
Бу бевосита тиббиётда иқтидорли ва истеъдодли талаба ёшларни саралаб, олий таълим муассасаларига ўқишни давом эттиришларига кенг имкониятларни очиб беради.
Бакалавриат таълим йўналишлари, магистратура ва клиник ординатура (резидентура) мутахассисликлари ўқув режаларидаги мутахассисликка оид бўлмаган фанлар улуши 2 баробарга қисқартирилиши, қисқартирилган фанлар ўрнига замонавий диагностика ва даволаш усулларини ўрганиш фанлари киритилиши тиббиётда тор мутахассисликлар доирасида ўз соҳаси бўйича малакали кадр бўлиб шаклланишига асос бўлади.
Ҳудудларнинг шифокорларга бўлган эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда, тиббиёт олий таълим муассасалари бакалавриатнинг “Даволаш иши”, “Педиатрия иши” ва “Касбий таълим (даволаш иши)” таълим йўналишлари бўйича давлат гранти асосида ўқишга қабул кўрсаткичлари доирасидаги мақсадли қабул параметрлари туман (шаҳар)лар кесимида шакллантирилиши ва ушбу йўналишлар бўйича таҳсил олиб, битирувчиларни яшаш манзили бўйича рўйхатга олинган жойидан қатъи назар, давлат гранти асосида мақсадли қабул параметрларида кўрсатилган туман (шаҳар)да камида 5 йил ишлаб бериш мажбурияти жорий этилди.
Шунингдек, 2020/2021 ўқув йилида тиббиёт олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрларини шакллантиришда тиббиёт кадрларига эҳтиёж юқори бўлган ҳудудлар учун бакалавриат ва магистратурага давлат гранти асосида ўқишга мақсадли қабул параметрларини 50 фоизгача оширилиши ҳудудларда кадрларнинг ўткир етишмовчилигини бартараф этади.
Қарорда таълим босқичидан қатъий назар, чет тилини билиш даражаси тўғрисидаги халқаро сертификатга эга бўлган тиббиёт олий таълим муассасалари талабаларига (мутахассислик фанларни “қониқарли” баҳога ўзлаштираётган талабалардан ташқари) “Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси” маблағлари ҳисобидан ҳар ойлик стипендиясига базавий стипендия миқдорида қўшимча тўлов амалга оширилиши, истеъдодли ва иқтидорли талабаларни соҳага қизиқишини (мотивациясини) янада оширади.
Шу билан бирга давлат тиббиёт муассасаларининг халқаро эътироф этилган ташкилотларнинг (Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Нigher Education, Academic Ranking of World Universities) рейтингидаги тиббиёт йўналишида биринчи 200 ўринни эгаллаган олий таълим муассасаларида клиник ординатура (резидентура) ва магистратура мутахассислигини тамомлаган, шунингдек, фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) илмий даражасини олган ходимлари лавозим маошига ҳар ойлик қўшимча устама тўланиши соҳага жаҳон стандартларига мос юқори малакали, етук мутахассисларнинг кириб келиши, ҳамда республикамизнинг барча ҳудудларида тиббиётда илм-фаннинг ривожланишига туртки бўлади. Бу эса ўз навбатида мамлакатимизда тиббий-санитария хизмати ва тиббий таълимни янги босқичга олиб чиқади.
Шу билан бирга жамоат саломатлиги ва санитария-эпидемиология назорати хизматлари соҳасида олий маълумотли кадрларни тайёрлаш мақсадида 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб алоҳида тиббиёт олий таълим муассасасини ташкил қилиниши юртимизда жамоат саломатлиги ва санитария-эпидемиология хизматини янада ривожланишига хизмат қилади.
Қарорда шу билан бирга халқаро рейтингларга кирувчи нуфузли хорижий тиббиёт таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари асосида халқаро факультетлар, шунингдек, филиалларни очиш, тиббий таълим классификаторида мавжуд бўлмаган янги бакалавриат ва магистратура йўналишларини жорий этиш назарда тутилган.
2020 йил 1 сентябрдан Нукус, Андижон, Бухоро, Самарқанд, Урганч ва Фарғона шаҳарларида жойлашган тиббиёт олий таълим муассасаларида белгиланган тартибда фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражаларини берувчи Илмий кенгашлар ташкил этилиши жойларда илм-фаннинг янада ривожланишига хизмат қилади.
Қарорга 2021 йил 1 январдан бошлаб шифокорлар учун ҳар 5 йилда малака тоифасини олиш бўйича мажбурий аттестациядан ўтиш тартиби киритилган. Уларга қулайлик яратиш ва шаффоф ўтказилишини таъминлаш учун аттестацияни онлайн тартибда аудио ва видеокузатув остида ташкил этиш тизими жорий этилиши кўрсатиб ўтилган. Бунда тиббий-санитария ва фармацевтика кадрлари учун малака оширишни назарда тутувчи узлуксиз касбий таълим тизимини жорий этган тиббиёт олий таълим муассасалари (шу жумладан, нодавлат тиббиёт олий таълим муассасалари), республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари ва уларнинг филиаллари, илмий-тадқиқот институтлари, ҳудудий кўп тармоқли тиббиёт марказлари ва нодавлат тиббиёт ташкилотларига малака оширишдан муваффақиятли ўтган мутахассисларга ўтилган ўқиш кредитлари кўрсатилган ҳолда Вазирлик томонидан белгиланадиган намунадаги сертификат расмийлаштириш ҳуқуқи берилган.
Бир сўз билан айтганда, мазкур ҳужжат мана шундай оғир дамларда қабул қилингани миллат саломатлигини асрашда, тиббиёт соҳасини ривожлантиришга хизмат қилади.
Амрилло ИНОЯТОВ,
Бухоро давлат тиббиёт институти ректори,
Тиббиёт фанлари доктори, профессор