Версия для слабовидящих

2020 йил glavnaya Янги Ўзбекистон

Президент пандемия шароитида Мустақиллик байрамини нишонлаш бўйича кўрсатмалар берди

Президент Шавкат Мирзиёев пандемия шароитида Мустақиллик байрамини нишонлаш бўйича кўрсатмалар берди. Шунингдек, давлат раҳбари аҳоли карантин қоидаларига амал қилмаса, карантин чекловлари қайтадан татбиқ этилишини таъкидлади.

Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши аввалида пандемия шароитида Мустақиллик байрамини нишонлаш юзасидан кўрсатмалар берди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

Жумладан, қайд этилишича, бугунга келиб мамлакатда жами коронавирус юқтирганлар сони 37,5 мингдан ошди, шундан 33 мингдан зиёди ёки 88 фоизи соғайди. 4 мингта беморни даволаш ва оиласи бағрига қайтариш чоралари кўрилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев бундай натижалар тиббиёт ходимларининг буюк хизмати эканини алоҳида айтиб ўтди. Вазият айниқса Тошкент шаҳрида ижобий томонга ўзгараётгани, яқинда Россия, Германия ва Хитойдан таклиф этилган шифокорлар ҳудудлар ўртасида тақсимлангани, Германиядан яна мутахассислар келиши кутилаётгани қайд этилди. Хорижлик экспертлар асосан оғир аҳволдаги касалларни энг замонавий услублар асосида, тизимли равишда даволашга жалб этилмоқда, деди президент.

Давлат раҳбари таъкидлаганидек, айни ҳафталар биз учун синовли давр бўлади. Кўрилаётган чоралар қанчалик натижа бериши кейинги ҳафтада аён бўлади.

Лекин, аҳоли томонидан шифокорлар тавсияларига, яъни ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, оилавий маросимларни ихчамлаш каби қатъий эҳтиёт чораларига риоя қилинмас экан, давлат карантин чекловларини қайтадан татбиқ қилишга мажбур бўлиши қайд этилди.

Шу муносабат билан, ҳар ким пандемия шароитида яшаш ва ишлашга, ҳаракатларимизда эпидемилогик талабларга сўзсиз амал қилишга одатланиши кераклиги яна бир бор тайинланди.

Шу боис, ҳокимлар, сектор раҳбарлари ва вазирларга доимий равишда вазиятни таҳлил қилиб, COVID-19 тарқалишини қатъий чеклаш, беморларни самарали даволаш ва эҳтиёжмандларга ёрдам бериш бўйича барча чораларни кўриб бориш топшириғи берилди.

Мамлакат мустақиллигининг 29 йиллик байрамини нишонлаш масаласида шифокорлар билан маслаҳат қилган ҳолда бу йил жойларда катта йиғин ва сайиллар ўтказишни чеклаш, уни кўпроқ оила даврасида нишонлашни ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Корхона ва ташкилотларда ҳам байрам тадбирлари режалаштирилган тақдирда уларни санитария нормаларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказиш мақсадга мувофиқлиги кўрсатиб ўтилди.

Оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоғида байрам кунлари қизиқарли, янги форматдаги кўрсатувлар, эшиттириш ва чиқишлар намойиш этиш борасида тавсиялар берилди.

Print Friendly, PDF & Email
loading