Версия для слабовидящих

2020 йил glavnaya

Президент — тўйларда карантин қоидаларига риоя этилиши ҳақида

«Ўтган сафар, оилавий тадбирларни 30 киши иштирокида ўтказишга рухсат берганимизда, кўп жойларда, айниқса Тошкентда 70, 100, 150 кишигача тўпланди», — деди Шавкат Мирзиёев. Президент тўй ва бошқа тадбирларни ўтказишда қоидаларга риоя қилиш зарурлигини таъкидлади.

15 августдан Ўзбекистонда карантин чоралари енгиллаштирилаётгани муносабати билан 30 кишилик оилавий маросимларни ўтказишга рухсат берилди. Бунда тадбирлар уй ёки ҳовлида фақатгина яқин қариндошлар ва ушбу туманда яшовчи бошқа қариндошлар иштирокида санитария ва гигиена қоидаларига қатъий риоя қилинган ҳолда ўтказилиши керак.

Чоршанба куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида президент Шавкат Мирзиёев оилавий тадбирларни ўтказишда ўрнатилган қоидаларга амал қилиш зарурлигини эслатиб ўтди.

«Ўтган сафар эсларингда бор, мана шу 30 кишилик рухсатдан кейин кўп жойларда, айниқса Тошкент шаҳрида 100 киши, 70 киши, 150 киши бўлиб кетганидан кейин жуда катта зарарланиш хавф-хатари пайдо бўлди. Шунинг учун ушбу тўй ва маросимлар белгиланган талабларга амал қилган ҳолда [ўтказилиши керак]. Албатта, тўй қилаётган одам маҳалла билан маслаҳатлашади», — деди давлат раҳбари.

 Июль ойи бошида, карантин чоралари такрордан кучайтирилиши арафасида соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов аҳоли тўй ва бошқа маросимларни ўтказишда иштирокчилар сонидаги чекловга амал қилмаётганини таъкидлаган эди.

«Аҳоли орасида тўй, турли маросим ва оилавий тадбирлар вируснинг тарқалишига хизмат қилаяпти. Масалан, 4 та тўйда 110 та касаллик аниқланган, бундан ташқари, биргина Юнусобод туманида ўтказилган тўйда 79 киши вирус юқтириб олган. 30 кишилик лимитга риоя этиш учун бир кунда уч марта тўй қилган», — деди соғлиқни сақлаш вазири.

Print Friendly, PDF & Email
loading