Андижон туманида ҳам ана шу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида туман ҳокими Улуғбек Исомидинов раҳбарлигида Ишчи гуруҳ тузилди.
Ишчи гуруҳ томонидан мазкур йўналишдаги ишларни тизимли амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, карантин шароитида аҳолини энг зарур озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида кўчма автодўконлар ташкил этилди.
Бугунги кунда 30 дан ортиқ ана шундай кўчма автодўконлар тумандаги мавжуд 77 маҳаллага бориб хизмат кўрсатмоқда.
– Карантин шароитида автодўконларнинг ташкил этилганлигидан маҳалламиз аҳли жуда хурсанд, – дейди тумандаги Пистамазор маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Турсиной Ҳомидова. – Бу билан оғиримиз енгил бўлди, бозорга бориб тирикчилик учун турли маҳсулотлар олиб келиш муаммосидан қутулдик. Бунинг учун Президентимизга, ҳукуматимизга раҳмат.
Кўчма автодўконлар фаолияти карантин ҳамда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича белгиланган барча тартиб-қоидаларга тўла амал қилган ҳолда олиб борилмоқда.