2021 йил glavnaya Популярные новости Янги Ўзбекистон

Президентимиз ташаббуслари халқларни жипслашишга чорлайди

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Туркий Кенгашнинг видеоконференция шаклида ўтказилган норасмий саммитидаги нутқини тинглаб, шахсан мен бой тарихий ва маънавий ўзанларга эга шундай давлатимизнинг ана шу ўзанлар қудрати ва меҳридан тўйинган қалб соҳиби, тарихи ва маънавиятини теран қадрловчи оқил ва мустаҳкам сиёсий иродага эга раҳбари борлигидан фахр туйдим.

Дарвоқе, Президентимизнинг барча оламшумул анжуманларда, халқаро саммитларда илгари сурилган таклиф ва ташаббуслари жаҳон ҳамжамияти томонидан қўллаб-қувватланмоқда ва амалиётга татбиқ этилмоқда.

2020 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурилган Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодекс лойиҳасининг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан қабул қилиниши ҳам фикримизнинг исботи бўла олади.

Бунинг асосий сабаби шундаки, Янги Ўзбекистон раҳбари фақат ўз мамлакати халқининг эмас, дунё халқларининг тинч-тотув, соғлом ва бахтли ҳаётига хизмат қиладиган ташаббусларни илгари суриши билан халқаро кўламда фикрловчи дунёвий шахс эканини исботлади.

Куни кеча ўтган саммитда илгари сурилган иқтисодий алоқаларни кучайтириш, Туркий Кенгашнинг ўз Инвестициявий жамғармаси ҳамда Тараққиёт банкини ташкил этиш, минтақанинг транспорт ва транзит салоҳиятини ошириш, Кенгаш доирасида Зиёрат туризмини ривожлантириш дастурини қабул қилиш каби таклиф ва ташаббуслар ҳам кўплаб давлатларнинг кун тартибида биргалашиб амалга оширишни тақозо этадиган вазифалар бўлиб келаётган эди. Шубҳасиз, умумий манфаатларга тўла мос келадиган ушбу йўналишдаги ишлар ҳам тез фурсатларда ўзининг самарали ечимини топади.

Саммит доирасида Президент Шавкат Мирзиёев шу йил сентябрь ойида Хива шаҳрида ЮНЕСКО билан ҳамкорликда ўтказиш режалаштирилаётган “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” мавзусидаги халқаро форум ҳақида тўхталиб, ушбу анжуманга Кенгашга аъзо давлатлар раҳбарларини таклиф қилди.

Шунингдек, бутун Ўзбекистон халқига ғурур ва шараф бахш этувчи яна бир ташаббуснинг эътирофи баён этилдики, бу – Туркий Кенгашнинг илм-фан, таълим, маданият ва санъат соҳаларини, шунингдек, туркий дунё бирлигини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган атоқли шахсларни рағбатлантириш мақсадида халқаро мукофот таъсис этилиши ва унинг Мир Алишер Навоий номи билан аталишидир.

“Биз буни барча туркий халқларнинг фахру ифтихори бўлган, улуғ зот – Алишер Навоийга юксак эҳтиром ифодаси, деб қабул қиламиз. Бу нуфузли мукофотнинг таъсис этилиши туркий бирлик руҳини мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз”, деди давлатимиз раҳбари.

Улуғ шоир, жаҳоншумул меросга эга олим, юзлаб авлодларнинг устози бўлган мутафаккир ва буюк зот номидаги халқаро мукофот халқларимизнинг илм-фан, таълим, маданият ва санъат соҳалари вакиллари ўртасидаги алоқалари ва ҳамкорлигининг янада кенгайишига хизмат қилади.

Ўзбекистон Президенти томонидан Туркий Кенгашнинг видеоконференция шаклида ўтказилган норасмий саммитида илгари сурилган ташаббуслар нафақат халқларимизни иқтисодий, транспорт-логистика ҳамда халқаро тараққиётнинг бошқа йўналишларида, балки маънавий жиҳатдан ҳам жипслашишга чорлайди.

Бектемир ПИРНАФАСОВ,

журналист.