2020 йил glavnaya Янги Ўзбекистон

РАСМИЙ БАЁНОТ: 100 мингдан кўпроқ фуқаро тиббий кузатув остида, 7 беморнинг аҳволи оғир

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков:

– Айни пайтга келиб, коронавирус касаллиги билан рўйхатга олинган беморларнинг сони 298 нафарни ташкил этди. Кейинги кунларда касаллик аниқланаётган беморларнинг барчаси стационар шароитда карантин муддатини ўтаётган фуқароларимиз орасидан аниқланяпти. Стационар ва уй шароитида 100 мингдан кўпроқ фуқаро тиббий кузатув остида турибди. Вирусология илмий-текшириш институти раҳбарияти берган маълумотга кўра, ушбу институт клиникасида даволанаётган 85 беморнинг 22 нафарида пневмония белгилари кузатиляпти. 4 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг эса аҳволи нисбатан оғир, деб баҳоланмоқда. Эпидемиология-микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти клиникасида даволанаётган 35 бемордан 1 нафарининг аҳволи ўртача оғирликда, 1 нафарининг аҳволи ўта оғир, деб баҳоланяпти. Аҳволи оғир ва ўта оғир, деб баҳоланган беморлар интенсив-терапия муолажаларига ўтказилган.
Ҳурматли юртдошлар!
Дунё ҳамжамиятида коронавирус касаллиги бўйича вазият мураккаблигича сақланиб турибди. Мамлакатимизда касаллик кенг кўламда тарқалиб кетмаслиги учун беморлар ва улар билан мулоқотда бўлганларни ҳамда эпидемик нохуш ҳудудлардан олиб келинган шахсларни алоҳидалаш тадбирлари нечоғлик тўғри ўтказилганлигига гувоҳ бўлиб турибмиз. Шундай экан, ҳар биримиз карантин тадбирларига тўлиқ риоя қилишимиз, ортиқча мулоқотдан чекланишимиз, уйда қолишимиз керак! Қачонки, касаллик бир одамдан иккинчи одамга юқишига йўл қўймасак, эпидемик вазиятни жиловлай оламиз. Акс ҳолда, вазият мураккаблашиб кетиши мумкин.
 ЎзА