ТОШКЕНТ, 16 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси кўмагида бир гуруҳ ватандошларимиз томонидан “Саховат” ёрдам маркази ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Ташқи ишлар вазирлиги манбасига асосланиб.
Марказ CОVID-19 пандемияси сабабли Россия Федерациясида қийин вазиятга тушиб қолган ўзбекистонликлар ва уларнинг оила аъзоларига ёрдам кўрсатиш бўйича тизимли ишларни ташкил қилади.
“Саховат” ёрдам маркази 16 апрелдан бошлаб “саховат.рф” портали орқали ва марказнинг “Facebook” саҳифаси орқали сўровномаларни қабул қилишни бошлайди.
Марказ ходимлари ушбу мурожаатлар асосида Москва шаҳри ва Москва вилоятида яшовчи муҳтож ўзбекистонлик фуқароларга озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонларни манзил бўйича етказиб беришни режалаштирган.
Ёрдам, биринчи навбатда, хотин-қизлар, қариялар, ногирон ва ёш болаларга кўрсатилади.
Бундан ташқари, марказ +79167977772 “Ишонч телефони” орқали юртдошларимизга бепул ахборот-ҳуқуқий ёрдам кўрсатади.
Саховат қилиш ва мурувват кўрсатиш истагидаги ватандошлар банк пул ўтказмалари орқали Россияда бўлиб турган юртдошларимизга ёрдам беришлари ёки “Саховат” марказига кўнгилли сифатида ёзилишлари мумкин.