2020 йил glavnaya

Россиядан 918 нафар ватандош поездда Тошкентга олиб келинди

Коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият сабаб жорий қилинган чекловлар туфайли Россияда бўлиб турган юртдошларимизни ватанга олиб келиш учун Республика махсус комиссияси қарори билан «Тошкент – Ростов-Дон – Тошкент» йўналиши бўйича поезд қатнови амалга оширилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ўзбекистоннинг Ростов-Дон шаҳридаги Бош консулхонаси берган маълумотга кўра, 10 август куни маҳаллий вақт билан соат 13.20 да «ֿПервомайская» станциясидан 918 нафар юртдошимиз, жумладан, талаба ёшлар поездда йўлга чиққан эди.

Бугун улар Тошкент “Жанубий” вокзалида кутиб олинди.

— Чет элдан ватанга қайтиш истагини билдирган фуқаролар рўйхати Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари томонидан шакллантирилиб, махсус комиссия қарорига асосан, чартер рейслар орқали республикамизга олиб келинмоқда, — деди Транспорт вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Наврўз Ашурматов. — Республика махсуc комиссиясининг топшириғига мувофиқ, COVID-19 пандемияси даврида шу кунгача 126 мингдан кўпроқ юртдошимиз мамлакатга олиб келинди. Жумладан,  чартер авиақатновлар орқали жами 40 мингдан ортиқ, махсус йўловчи поездларида 7 мингдан зиёд ва чегарадош ҳудудлардаги санитар-карантин ўтказиш пунктлари орқали автотранспорт воситасида олиб келинган фуқаролар сони қарийб 78 минг кишини ташкил этди. Айни пайтда ушбу жараён давом эттирилмоқда.

Ўзбекистон фуқароларини йўловчи поездида олиб келиш ва уларни давлат чегараларидан ўтказиш Республика махсус комиссияси томонидан Россия ва Қозоғистон расмий идоралари билан эришилган келишувга биноан бажарилди.

— Карантин тартиби туфайли Россияда бўлиб туришга тўғри келди, —дейди Астрахань давлат университети талабаси Вали Жабборов. — Шундай синовли дамларда мамлакатимизнинг Россиядаги дипломатик ваколатхоналари вакиллари ва ўзбекистонлик ватандошлар бизни ёлғизлатиб қўймади. Ҳолимиздан хабар олиб, зарур ёрдам кўрсатди. Мазкур поездни ташкил қилган мутасаддиларга ўзим ва дўстларим номидан миннатдорлик билдираман. Соғ-саломат юртимиз, ота-онамиз бағрига қайтаётганимиздан бахтиёрмиз.

Тошкент “Жанубий” вокзалида барча йўловчилар санитария қоидаларига биноан тиббий текширувдан ўтказилди, юклар тегишли тартибда дезинфекция қилинди. Ўрнатилган тартибда карантинда бўлишгач, улар уйларига кузатилади.

— Халқаро миқёсда карантин тартиблари ўрнатилгач, ўқиш жараёни тўхтатилди ва биз Россияда вақтинча бўлиб туришимизга тўғри келди, — деди Астрахань техника университети талабаси Сардор Кулиев. — Аммо ушбу муддатда асло тушкунликка тушганимиз йўқ. Олисда бўлсак-да, ватанимиз, Президентимиз, халқимиз кўмагини ҳис қилдик. Мамлакатимизнинг Бош консулхонаси ходимлари зарур ёрдам кўрсатди.  Бизни олиб келиш учун махсус поезд ташкил қилинганини эшитиб, қувондик. Мана бугун юртга етиб келдик. Президентимизга ва бизни ватанга олиб келишда ёрдам берган барча инсонларга чин дилдан миннатдорлик билдирамиз.

Эслатиб ўтамиз, хорижий давлатларда бўлиб турган ва Ўзбекистонга қайтиш истагидаги юртдошларимиз мамлакатимизнинг чет давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари ҳузурида ташкил этилган штабда рўйхатдан ўтиши керак.

Жобир Хўжақулов,

«Дунё» АА