Версия для слабовидящих

2020 йил glavnaya

Ростовдаги чодирли лагерда вафот этган фуқаро юзасидан маълумот берилди

Россия оммавий ахборот воситалари Каменск-Шахтинскдаги мигрантлар учун мўлжалланган чодирли лагерда 33 ёшли ўзбекистонликнинг вафот этгани ҳақида маълум қилди. Унга бир томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Ташқи ишлар вазирлиги ўлимни тасдиқлади, аммо фуқаронинг лагерда яшаганини рад этди.

19 сентабрь куни Ўзбекистон фуқароларини махсус поездга чиқариш чоғида йўловчилардан бири — 1987 йил 13 сентабрда туғилган Р. Ж. «Лихая» станцияси олд томонидаги майдонда ўзини ёмон ҳис қила бошлаган ва тез тиббий ёрдам етиб келгунича у вафот этган. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот хизмати ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаментига таяниб маълум қилди.

Ўзбекистоннинг Ростов-Дон шаҳридаги Бош консулхонаси берган маълумотга кўра, бу ватандошимиз палаткали лагерда яшамаган. Санкт-Петербург шаҳридан етиб келгач, Р.Ж. соғлиги ёмонлашгани сабабли 14 сентабрь куни Шахти шаҳри Марказий шаҳар шифохонасига ётқизилган ва у ердан «Лихая» станциясига олиб борилган.

Фуқаронинг коронавирус билан касаллангани тасдиқланмаган. Марҳумнинг жасади чартер рейс орқали Ўзбекистонга жўнатилган.

Маҳаллий маъмурият раҳбари вазифасини бажарувчи Александр Срибнойнинг сўзларига кўра, у Россияга отаси билан ишлашга келган. Шаҳар марказий шифохонасида унинг бир томонлама пневмания ва қон-томир касаллигига чалингани аниқланган. Шунингдек, нашр унинг коронавирусга чалинганини маълум қилган.

Print Friendly, PDF & Email
loading