2022 йил Bosh-sahifa-kir Тадбирлар Янги Ўзбекистон

Садриддин Айний таваллудининг 144 йиллиги нишонланди.

Кўп асрлик тарих гувоҳ, ўзбек ва тожик халқлари Марказий Осиёнинг жаннатмонанд ҳудудида елкама-елка яшаб, бир дарёдан сув ичиб, шу ўлкани обод қилиб, маданият ва санъатини ривожлантириб, дунё тамаддунига улкан ҳисса қўшиб келмоқда. Бу халқларнинг турмуш тарзи, урф-одатлари, маданияти муштараклиги ҳақида ўнлаб мисол келтириш мумкин.

Самарқанд шаҳридаги Садриддин Айний номидаги уй-музейида XX аср тожик ва ўзбек адабиёти ривожига улкан ҳисса қўшган зуллисонайн адиб, атоқли олим ва жамоат арбоби Садриддин Айнийнинг 144 йиллик таваллуд санасига бағишланган «БУЮКЛАРНИ ЁД ЭТАМИЗ» деб номланган адабий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Унда таниқли ёзувчи шоирлар, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими аъзолари, тарихчи олимлар, олий таълим муассасалари профессор ўқитувчилари ва талаба ёшлар, миллий маданий марказлар раҳбарлари, Самарқанддаги тожик тилида таълим берадиган мактаблар ўқувчилари ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.

 

Тадбирда шунингдек, Тожикистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулотда ва Мухтор Элчиси жаноб Абдужаббор Рахмонзода қатнашди ва ўз маърузаси билан иштирок этди.

Тадбир Ўзбекистон республикаси вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги  миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси,  Республика тожик миллий маданий маркази ҳамда Самарқанд вилояти тожик ва тожикзабон миллий маданий маркази ҳамкорлигида ташкиллаштирилди.

 

Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими раҳбари Тошпулат Туганов: “Бугунги тадбир Садриддин Айнийнинг Самарқанддаги уй-музейида ўтказилаётгани бежиз эмас. Сабаби, ўзбек ва тожик халқларининг забардас ёзувчиси, икки халқ учун бирдек хизмат қилган, асарлари кўплаб авлод вакилларини шаклланишига хизмат қилган адибларимиздан бири Садриддин Айний ҳисобланади. Тадбирда адабиёт ихлосмандлари, ёшларнинг қадами сира аримайди, чунки, адиб билан боғлиқ ижод намуналари, ўша даврдаги иш қуроллари кўплаб маълумотлар олишга имкон беради. Бу ерда ҳам тожик, ҳам ўзбек ижодкорларнинг ижодий учрашувлари, суҳбатлари бўлиб туради ва бу музей Самарқанддаги адабий қадамжоларидан бири десак бўлади. Бизнинг бўлим қардош халқларнинг ҳамкорлиги, адабиётининг ривожи учун хизмат қилиб келамиз. Самарқанд кўп миллатли шаҳар бўлгани учун бу ерда турли миллат тилларида ижод қилинади. Шу ижодкорларни биз бирлаштириб, уларнинг асарларини юзага чиқаришга, уларни рағбатлантиришга, уларнинг асарларини бошқа тилларга таржима қилишга ва ўқувчиларга етказишга ҳаракат қиламиз. Бизнинг бўлимимизда тожик адабиёти шўъбаси фаолият олиб бораяпти. Шунингдек, тожик тилларида чоп этиладиган газета ва журналларимиз бор. Уларда ўзбек ва тожик ёзувчилари ҳамда бошқа қардош тилларда ижод қиладига ёзувчи шоирларимизнинг асарлари чоп этилади. Адабий ва ижодий ҳамкорликни давом эттираяпмиз. Бу, ўз навбатида, Самарқандда турли миллат халқларининг адабиёти ривожи учун имкониятлар яратади”.

 

Сўзга чиққанлар буюк адибнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида маърузалар қилишди. Садриддин Айний (ҳақиқий исми Садриддин Саид-Муродзода; т. 1878) йирик тожик ёзувчиси ва шоири, тожик ва ўзбек тилларида ижод қилган.

Садриддин Айний (тахаллуси; асл исми Садриддин Саидмуродзода) (1878 йил Бухоро вилояти, Ғиждувон туманида туғилган. Тожикистон ФА биринчи президенти, Ўзбекистон ФА фахрий аъзоси, Тожикистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, проффессор.

XIX асрнинг сўнгги чорагида туғилиб, XX асрнинг ўрталарига қадар яшаб ижод этган Садриддин Айний ўзбек ва тожик адабиётлари тараққиётига муайян ҳисса қўшган зуллисонайн ёзувчидир. У мансуб бўлган ёзувчилар авлоди халқ ва жамият ҳаётидан узоқлашиб қолган мумтоз Шарқ адабиётига янги тўлқин беришга, уни янги тарихий даврнинг ғоялари билан бойитишга интилди. Шу маънода Садриддин Айний ва унинг қаламкаш биродарлари XX асрнинг 10-йилларида янги типдаги ўзбек ва тожик адабиётига пойдевор қўйдилар.

 

 

Садриддин Айний ўз даврдаги ижоди ва ташкилотчилик фаолияти билан ўзбек жадидчилик ҳаракати ва жадид адабиётининг шаклланишида муҳим аҳамиятга молик ишларни амалга оширди.

Тожикистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулотда ва Мухтор Элчиси жаноб Абдужаббор Рахмонзода: Савол: “Дарҳақиқат, бу тадбир икки халқ – тожик ва ўзбек халқлари ўртасидаги самимият, муҳаббат ва дўстликни яна бир бор намоён этди. Чунки бугун каттаю кичик номини тилга олаётган шахс – Садриддин Айний ҳам тожик, ҳам ўзбек халқи учун баравар хизмат қилган. Устод Айнийнинг асарларидаги дуолари ва васиятларида яшаб келган икки халқ ўртасидаги дўстликни бугун икки Президент, икки давлат раҳнамоси, икки буюк сиёсий шахс – муҳтарам жаноби олий Эмомали Раҳмон ва муҳтарам жаноби олий Шавкат Мирзиёев давом эттирмоқда. Икки давлат ўрасидаги чегаралар ва йўлларнинг очилиши Тожикистон ва Ўзбекистон халқлари ўртасидаги дўстлик ва биродарлик тарихида янги саҳифани очди. Бу тарихий саҳифа халқларимизни янада бирлаштирди, уларнинг бир-бирига меҳр-оқибатини оширди. Тожикистон Республикасида ўзбек биродарларимизга, Ўзбекистон Республикасида тожик миллатига мансуб аҳолига бирдай эҳтиром кўрсатилмоқда. Охирги йилларда муҳтарам жаноби олий Шавкат Мирзиёевнинг оқилона сиёсати туфайли Ўзбекистондаги бошқа миллат ва элат вакиллари – қозоқлар, қирғизлар, татарлар, озарбайжон, туркман, яҳудийлар ва бошқалар қаторида тожик миллатига мансуб аҳоли учун ҳам барча шароитлар яратилганига гувоҳ бўляпмиз. Бугун менга ўндан зиёд ижодкорлар тожик тилида нашр этилган китобларни совға қилишди. Бу шуни кўрсатадики, Ўзбекистонда миллий тил, адабиёт ва маданиятни ривожлантириш учун барча имкониятлар мавжуд.         Республика Тожик миллий маркази ўзининг янги нашрдан чиққан учта китоби – Мирзо Турсунзода ва Лойиқ Шералининг шеърий тўпламлари, Ўзбекистон ва Тожикистонда бирдай таниқли, Ўзбекистон ва Тожикистон Ёзувчилар уюшмалари аъзоси Паймоннинг китобини Садриддин Айний уй-музейига ва тадбир қатнашчиларига совға қилди. Бу устоднинг туғилган кунида адабиёт ихлосманлари учун ажойиб туҳфа бўлди.

      Мен Республика Тожик миллий маданий маркази, Самарқанд вилояти Тожик ва тожикзабон миллий маданий маркази, “Овози Самарқанд” газетаси ходимларини, бу ерда йиғилган олимлар, маданият аҳли, журналистлар, адабиёт ва санъат аҳлини Устод Айнийнинг туғилган куни билан муборакбод этаман”. 

 

Тадбирда Самарқанд шаҳар тожик тилида таълим оладиган мактаб ўқувчилари томонидан саҳналаштирилган кўринишлар ва концерт дастури қўйиб берилди.

Республика тожик миллий маданий маркази томонидан тожик тилида чоп этилган китоблар Садриддин Айний уй-музейи, мактаб ўқувчилари ва меҳмонларга совға тариқасида топширилди.