Бутун дунё халқларини ларзага солаётган коронавирус пандемияси пайтида миллатимиз ўзининг ижобий хислатларини намоён этмоқда.
Мамлакатимизда коронавирус балосига қарши кураш даври юртдошларимизни ҳаётга янада теран қарашга, жипслашишга ундамоқда.
Барча соҳада бўлгани каби спорт, жумладан футбол соҳаси вакиллари ҳам кўпга келган синов даврида ўз имкониятлари доирасида ёрдам қўлини чўзишмоқда.
Яқинда Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси, айни пайтда БААнинг “Шаржа” клубида тўп сураётган Отабек Шукуров 100 миллион сўм миқдоридаги озиқ-овқат маҳсулотларини ўзи туғилиб ўсган Чироқчи туманидаги кам таъминланган оилаларга ёрдам сифатида тақдим этган эди. Яқин ўтмишнинг футбол юлдузи, айни пайтда АГМК жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимов “Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик“ фондига 75 миллион сўм ҳадя қилди. Халқ депутатлари Бекобод шаҳар Кенгашининг “14-Сайхун” округидан сайланган депутат, “Металлург” профессионал футбол клуби мураббийи Нозимжон Эсанов ўзи туғилиб ўсган Бекобод шаҳрида истиқомат қилаётган кам таъминланган 20 оилага ва карантин даврида ишсиз қолган муҳтожларга кунлик эҳтиёж учун керак бўладиган бир қопдан ун, 2 литрдан кунгабоқар ёғи, 20 донадан тухум, 5 килограммдан макарон ва тиббий ниқоблар тарқатди.
Хайрли ишлар давом этмоқда. Кеча миллий терма жамоамизнинг етакчиси, бугунги кунда Хитойнинг “Шанхай СИП” клуби футболчиси Одил Аҳмедов мамлакатимизда коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазиятда Ўзбекистон Республикасининг Пекиндаги элчихонаси ва Шанхай шаҳридаги Бош консулхонаси кўмагида тиббиёт муассасалар учун зарур воситаларни тақдим қилди. Одилнинг оиласи, шунингдек, яқинда ўзи туғилиб ўсган Наманган вилоятидаги кам таъминланган оилалар учун 600 миллион сўм моддий ёрдам кўрсатган эди.
Сахий, бағри кенг, қўли очиқ ватандошларимиз бор экан биз, албатта, коронавирусни енга оламиз.
Ойбек ЮНУСОВ, ЎзА