2020 йил glavnaya Популярные новости Янги Ўзбекистон

“САЛОМ САРДОБА, БИЗ БИРГАМИЗ” — ИНСОНПАРВАРЛИК АКЦИЯСИГА ҚЎШИЛАЙЛИК

Сирдарё вилоятининг Сардоба тумани ҳудудида содир бўлган фожиа минглаб инсонларнинг бошпанасиз қолишига сабаб бўлди.

Ушбу вазиятда халқимизнинг меҳр-муруввати, тез фурсатда бутун республика аҳли тезкор мобилизация бўлиб, турли ҳудудлардан инсонпарварлик ёрдамларини ташкил этиш ишлари бошлаб юборилди.

Шу муносабат билан, жорий йилнинг 3 май куни Тошкентдаги А.С.Пушкин ҳайкали олдида ушбу ҳайрли ишлар амалга оширилди. Бу ерда айнан Сирдарё вилоятида фожиадан талофот кўрган ҳамюртларимизга кўмаклашиш мақсадида ёрдам қабул қилиш пункти ташкил этилди.

 

 

Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган Миллий маданий марказлари ва дўстлик жамиятлари ташаббус кўрсатиб, ушбу савоб ишига ўз ҳиссаларини қўшишди. Ҳозирги вазиятни инобатга олган ҳолда, карантин қоидаларига риоя қилиб, юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат вакиллари бугунги оғир кунларда сув тошқини оқибатида жабрланганларга ёрдам қилиш мақсадида уларга ўз шароитларидан келиб чиққан ҳолда болалар ва катталар кийим–кечаги, кўрпа-тушак, озиқ-овқат, ўзларида фойдаланмаётган уй рўзғорида ярайдиган буюмлардан олиб келиб топширишди. Улар Иккинчи Жаҳон уруши йилларида ўзбек халқининг кўрсатган олийжаноб ҳаракати, минглаб етим-есирларга бошпана бериб, ўз яқинларидек ёрдам берганини ифтихор билан эслаб, бугунги оғир дамларда улар ҳам “Ўзбекистон – умумий уйимиз” шиори остида бирлашиб ёрдам қўлини чўзишга тайёрликларини билдиришди. Келтирилган буюмлар барча санитария қоидаларига риоя қилган ҳолда манзилига етказиб берилади.

 

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ходимлари ҳам бу ҳайрли ишда фаол бўлишди.

Шундай оғир дамларда республикамизнинг барча худудларида ҳар қандай кўринишдаги инсонпарварлик ёрдамлари ҳам қабул қилиниб, офатдан жабр кўрганларга етказилмоқда. Кутилмаган офатдан жон сақлаш учун уйларини ташлаб чиққан ватандошларимиз учун тезкорлик билан кўрсатиладиган ҳар қандай ёрдам катта аҳамиятга эга.

Ҳайрия тадбирида иштирок этганлар бу ҳақда ўз фикрларини билдиришди.

Камолхон Каримов, “Ўзбекистон – Литва” дўстлик жамияти раиси ўринбосари: “Бугунги катта синов кунларида коронавирус балоси, шу билан бирга Бухородаги табиий офат билан бўлиб ўтган воқеалар, шунингдек, Сирдарёдаги сув тошқини оқибатлари барчаси ўзбек халқининг бирдамлиги, ҳамжихатлиги, бошига иш тушганида бирга янада жипслашишини кўрсатиб турибди. Президентимиз томонидан ташкил қилинган “Саҳоват ва кўмак” умуммиллий ҳаракатини ташкил қилганлари ва шу ишларнинг бошида ўзлари турганлари халқимизнинг бағрини янада кенгайтириб юборди. Бизнинг саҳоватпешалигимиз, халқнинг бирдамлиги Иккинчи Жаҳон уруши йилларида яққол намоён бўлган. Уруш йилларида Ўзбекистонга 1 ярим миллион киши келган, 300 мингдан ортиқ етим болалар ўзбек оилалари томонидан асраб олинган. Бу бизнинг халқимизнинг саҳоватпешалигидан даракдир. Шундай кунларда дўстлик жамиятлари, хорижий мамлакатлардаги ватандошларимиз бошимизга тушган кулфатларни кўриб ўзларининг ёрдам қўлларини чўзишаяпти. Бизнинг жамиятимиз ҳам ўзларининг ҳиссаларини қўшиб, талофат кўрган биродарларимизга камтарин бўлса ҳам ёрдамимизни кўрсатдик”.

Халима Баратова, Ўзбекистон Уйғур миллий маданий маркази раиси: “Ўзбекистон – умумий уйимиз” деб бежиз айтилмаган. Бугунги ҳайрия тадбирига барча миллат вакиллари келишди. Шулар қатори биз ҳам ўзиизнинг имконимиз қадар ёрдам бериш мақсадида янги кўрпа-тушаклар, идиш-товоқлар олиб келдик. Ўйлаймизки, бу сув тошқини оқибатида талофот кўрган сирдарёлик ҳамюртларимизга бизнинг ёрдамимиз етиб боради ва бу билан озгина бўлсада кўнглимиз таскин топади”.

Виктор Пак, Ўзбекистон корейслари маданий марказлари ассоциацияси раиси: “Бугун мана шундай қийин пайтда бизнинг халқимиз бир бўлиб бир-биримизга ёрдам қўлини чўзмоқда. Юртимиздаги корейс миллати вакиллари ҳам озгина бўлсада, ўзларининг ёрдамларини бериш мақсадида бугун мана шу ҳайрия тадбирига келишган. Мана шундай кунларда ҳаммамиз биргалашиб ёрдам қўлимизни узатсак, бошимизга тушган оғир кунларни енгамиз”.

 

Олижаноб ва меҳр-оқибатли халқимиз ҳамжиҳат бўлиб, Сирдарёга озиқ-овқат, иссиқ кийим-бош ва бошқа зарур маҳсулотлар юкланган кўмак карвонларини юбормоқда. Бунда юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат вакиллари, дўстлик жамиятларининг ҳам ҳиссаси бор.