Бугунги кунда Самарқанд вилоятида яшаётган юздан ортиқ миллат ва элатларнинг этник-маданий ўзига хослигини сақлаш, жамиятда миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва тинчликни янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вилоятда 11 та миллий маданий марказ фаолият юритяпти, 22 та ноисломий ибодатхонада турли миллат вакилларининг ўз миллий анъана ва қадриятлари, урф-одат ва диний маросимларини адо этишлари учун шарт-шароит яратилган.
Фуқаролик жамиятининг муҳим институтларидан бири бўлган 811 та нодавлат нотижорат ташкилоти ҳам вилоят ҳаётида фаол қатнашмоқда. Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтлари вакиллари давлат органлари ҳузуридаги ташкил этилган 200 дан ортиқ ишчи гуруҳлари, комиссиялари ишида фаол иштирок этмоқда.
Самарқанддаги ННТлар томонидан 2018 йилда 15 та, 2019 йилда 19 та, 2020 йилда15 та давлат грантлари қўлга киритилди.
Вилоятдаги миллий маданий марказлар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари учун “Дўстлик ва нодавлат нотижорат ташкилотлари уйи”нинг ташкил этилиши ҳам ана шу эътибор самараси бўлди.
Дўстлик уйининг очилиш маросимида Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раҳбарияти, Олий Мажлис ҳузуридаги парламент комиссияси, Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси масъуллари шунингдек юртимизда фаолият олиб борувчи турли миллий маданий марказлар раислари ва фаоллари иштирок этди.
Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов тантана иштирокчиларини қутлаб, Наврўз байрами арафасида Самарқанд шаҳрида вилоят дўстлик ва ННТ уйи очилиши маросимини ўтказаётганимиз бежиз эмас. Чунки Наврўз бағрикенглик меҳр оқибат саҳоват байрами сифатида ҳам заминимизда бир неча минг йиллдан буён нишонланиб келмоқда деди. Бизнинг қадимий саховатли заминимизда кўп асрлар давомида турли миллат ва элатлар, маданият ва дин вакиллари тинч тотув яшаб келган. Бугун ҳам вилоятимиздаги 100 дан ортиқ миллат ва элатларнинг этник маданий ўзига хослигини сақлаш, жамиятда миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва тинчликни янада мустаҳкамлашга қаратилган чора тадбирларни амалга ошириш мақсадида 11 та миллий маданий марказ фаолият юритмоқда. Кейинги йилларда муҳтарам Президентимизнинг мазкур соҳага алоҳида эътибор кўрсатишлари натижасида барча шароитлар яратилмоқда. Хусусан 5 миллиард сўмга яқин маблағ эвазига ушбу дўстлик, нодавлат нотижорат ташкилотлари уйи ташкил этилди. Бинода 58 та иш юритиш хонаси, 4 та фаоллар зали, 1 та коворкинг маркази, 3 та музей, 1 та кутубхона ва бошқа хоналар мавжуд деди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси ўринбосари Валерий Тян ўзининг табрик нутқида сўнгги йилларда мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, дўстлик муҳитини ва кўпмиллатли оила туйғусини мустаҳкамлаш, ёшларни давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлган Ватанига севги ва садоқат руҳида тарбиялашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бугун биз дунёдаги энг гўзал ва энг машҳур Самарқанд шаҳрида яна бир дўстлик уйининг очилишига гувоҳ бўлиб турибмиз. Самарқанд шаҳридаги миллий маданий марказлар ўзларининг миллий урф-одатлари, маданияти ва тилларини асраб-авайлаш ва ривожлантириш бўйича тадбирларни ўтказиш имконига эга бўлишди деди.
Ўзбекистон рус маданий маркази роаиси Сергей Миронов бугунги кунда Ўзбекистон 130 дан зиёд миллат ва элатлар яшайдиган мамлакатдир. Мамлакат раҳбарияти ўзбек заминида тинчлик ва осойишталик ҳукм суриши учун катта ишларни амалга оширмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “…бугун Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишлар кўпмиллатли халқимизнинг меҳнати”, — деган сўзлари бизни янги марраларни забт этишга руҳлантиради деди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси ўринбосари Азамат Тошев 2020 йилнинг ўзида миллий маданий марказларни ривожлантириш учун 2 миллард сўм пул ажратилди деди. Хабарингиз бор 11 фераль куни юртимизда “Халқлар дўстлиги куни”ни нишонлаш бўйича қонун имзоланди. Бундан ташқари бизнинг жамоатчи фидойи инсонларни рағбатлантириш мақсадида Президентимизнинг ташаббуслари билан “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони таъсис этилди. Ўйлайманки ушбу дўстлик уйи юртимизда миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга хизмат қилади дея таъкидлаб ўтди.
Сўзининг якунида Қўмита раиси ўринбосари Самарқанд вилояти яҳудий маданият маркази раиси Григорий Ольвовскийни кўп йиллик самарали меҳнати ҳамда таваллуд топган кунининг 60 йиллиги муносабати билан Қўмитанинг фахрий ёрлиғи билан тақдирлади.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки ушбу бинода барча миллий маданий марказлар жойлашуви билан бирга уларнинг турли маданий тадбирлар ўтказиши, тил ўргатиш ва бошқа машғулотлар ташкил этишлари учун барча шароитлар яратилган. Марказларга фойдаланишлари учун 1 дона автобус шунингдек мебель жихозлари, компьютер, телевизор ва бошқа техник воситалар олиб берилди.
Байрамда таниқли санъаткор артистлар Абдухошим Исмоилов, Зулайхо Бойхонова ҳамда миллий маданий марказлар ҳаваскор ансамбллари ижросида янграган турли миллат тилларидаги куй ва қўшиқлари тадбирга келган иштирокчиларига байрамона кайфият бахш этди.