Версия для слабовидящих

2020 йил glavnaya

Самара яқинида минглаб ўзбекистонликлар уйларига қайтишга ҳаракат қилмоқда

Россиянинг турли минтақаларидан келган 4500 нафарга яқин Ўзбекистон фуқароси Самара яқинидаги вақтинчалик чодир лагеридан уйларига қайтиш учун имконият кутмоқда, дея хабар қилди «Новая газета». Ўзбекистон парвозларни қайта тиклашга уринмоқда, аммо масаланинг ечими кўпроқ Россияга боғлиқ, дея таъкидлади Транспорт вазирлиги вакили.

Тахминан 4500 нафар Ўзбекистон фуқароси Самара яқинидаги вақтинчалик чодир лагеридан Тошкентга кетишга ҳаракат қилмоқда, деб хабар берди «Новая газета».

Нашр маълумотларига кўра, Кинел шаҳридан (Самара вилояти) 3 км узоқликда бир ойдан кўпроқ вақт давомида уйга боришга ҳаракат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари учун вақтинчалик чодирлар лагери мавжуд. Аввалроқ, Mash нашри ўзбекистонликлар қўним топган шохлар, картон қутилари ва селофандан ясалган қўлбола чодирлар лагеридан видеорепортаж эълон қилган эди.

Карантин чекловлари, мунтазам темир йўл ва ҳаво қатновининг йўқлиги сабабли одамлар Кинелдан Тошкентгача тўхтамасдан ҳаракатланадиган махсус ажратилган поездлар орқали Ўзбекистонга олиб кетилмоқда.

«Новая газета»нинг ёзишича, вилоят маъмурияти раҳбарияти 9 сентябрь куни қарийб 7000 кишини лагердан олиб чиқишганини маълум қилган. Чиқиб кетганларнинг ўрнига кунига ўртача 100−150 нафар янги меҳнат муҳожири келиб қўшилмоқда.

Нашр Оренбург вилояти Маштаково туманида — «Маштаково» назорат-ўтказиш пункти яқинида илк муҳожирлар лагери пайдо бўлганини эслатиб ўтди («Газета.uz» ушбу жойда Ўзбекистон фуқароларининг тўплангани ва кейинчалик улар олиб келингани ҳақида ёзган эди),

 «Ўзбек рақамли машиналарда келишди. Аввалига уларга унчалик аҳамият беришмади, машиналарида, далада туришди, — дейди Маҳаллий ўзбек миллий-маданий автономияси кенгаши котиби Ёдгор Усмонов. — Одамлар эса келаверади, келаверади, ахир бу ерда асосий транзит йўли-ку. Ўзбеклар, қозоқлар ва қирғизлар учун тарихда биринчи марта (Россия) чегарасининг ёпилиши, тушунасизми? Кўпчилик шунчаки ўз йўлларини топа олмай қолишди. Аввалига 20 та машина йиғилди, кейин яна 30 та, кун бўйи келишади — аллақачон 200 та бўлди».

Сўнгра Самара вилояти маъмурияти вилоят бюджети ҳисобидан Кинель туманидаги вақтинчалик лагерни жиҳозлаб, у ерда муҳожирларни автобуслар билан олиб кетишди. Шундай қилиб, Кинель мигрантларни Ўзбекистонга жўнатиш жойига айланди.

Ёдгор Усмоновнинг таъкидлашича, Россияда карантин юмшатилгани ва иш мавжуд бўлишига қарамай, кўплаб муҳожирлар уйларига кетишни хоҳлашмоқда. Унинг ҳисоб-китобларига кўра, 30 мингга ўзбекистонлик ўз ватанига кетиш учун воситачиларга пул тўлашга тайёр.

«Новая газета» одамлар кетиш учун навбатга туриш мақсадида ўз номларини рўйхатга киритаётганини аниқлади.

Фото: Людмила Мельниченко / Facebook.

Самаралик журналист Людмила Мелниченко эса чодир лагеридан фотосуратларни нашр қилди ва у ерда бўлиб турган ўзбекистонликларга ёрдам бериш учун акция уюштирди.

«Биз озиқ-овқат тарқатдик. Асосан, бу нон эди — 4 бўлакка кесилган 50 та нон ва „Доширак“ лапшаси. Ва яна дори-дармонлар… Лагер кўл бўйида жойлашган ва бу ёмон, чунки сувдан совуқ ҳамда нам ҳаво тарқалади. Кундузи у ерда 4500 киши бор эди, аммо йигитлар у ерда боришганида, узоқ кутилган поездни жўнатиш учун тайёргарлик ишлари олиб борилаётган экан», — дея ҳикоя қилди у.

Фото: Людмила Мельниченко / Facebook.

«Кўриб турганингиздек, чодирлар енгил. Яхши иситмайди. Баъзилар эса селофан остида ухлаяпти… Суратларнинг бирида лагерда телефонлар қандай қувватлантирилаётгани акс этган. Маҳаллий аҳоли орасидан кимдир бизнес қилаётган экан: телефонни қувватлаш нархи 50 рубль», — дейди у.

Фото: Людмила Мельниченко / Facebook.

«Бир фотосуратда 50 км узоқликда яшаётган ўзбекистонликнинг Отрадноеда иккита қозонда ош тайёрлаётгани акс этган. У паловни икки партияда пиширди. Ҳаммаси бўлиб — 4 та қозон. 160 кг гуруч. У 1600 кишини овқатлантирди. Кўриб турганингиздек, бу ерда ҳам ҳурмат сақлаган, хотиржам ва ўзини муносиб тутмоқда», — дейди журналист.

«Парвозларнинг тикланиши кўп жиҳатдан Россияга боғлиқ»

Ўзбекистон Транспорт вазирлиги матбуот котиби Наврўз Ашурматовнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, 15 сентябрь куни яна бир поезд Самарадан етиб келган, яна бири эса йўлда. Унинг сўзларига кўра, қолган фуқароларни олиб келишни тезлаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Транспорт вазирлиги вакилининг таъкидлашича, фуқароларнинг бир жойда тўпланишига йўл қўймаслик учун Россия билан мунтазам ҳаво қатновини тиклаш керак. Ушбу масала бўйича музокаралар олиб борилмоқда, аммо унинг ечими кўп жиҳатдан Россия томонига боғлиқ, деди у.

«Новая газета»нинг ёзишича, сентябрь ойи охирига қадар 860 дан 920 кишига қадар сиғимли тўртта поезд Ўзбекистонга жўнатилади, аммо бу барчани олиб чиқиш учун етарли эмас.

«Ҳозирча поездлар ҳақида ҳеч нарса дея олмайман. Сабаби, мамлакатлар ўртасида темир йўл алоқаси ҳали тикланмаган. Қозоғистон ва Россиянинг тегишли вазирлик ва идоралари билан келишилган ҳолда махсус рейслар ташкил этилади. Муаммонинг асосий ечими, бу — мамлакатлар ўртасида мунтазам ҳаво ва темир йўл алоқаларини тиклашдир. Ушбу масала бўйича музокаралар олиб борилмоқда», — деди Наврўз Ашурматов.

Uzbekistan Airways компанияси сентябр ойининг бошида Дубай, Франкфурт, Истанбул, Олмаота ва Бишкек йўналишларига мунтазам халқаро рейсларни босқичма-босқич қайта тиклаш тўғрисида эълон қилди.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев аввалроқ карантин чоралари 5 сентябрдан бошлаб юмшатилгандан сўнг, вазиятни баҳолаш учун вақт керак бўлади, деб айтган эди. Агар ҳолатлар сони камайса, бу Россия билан ҳаво алоқасини тиклаш учун зарур шартларни яратади.

Print Friendly, PDF & Email
loading