2020 год glavnaya Популярные новости

“Сеул халқаро маданиятлар фестивали” да Ўзбекистонинг туризм салоҳияти тарғиб этилди

Жанубий Кореяда истиқомат қилаётган фаол ватандошларимиз “Сеул халқаро маданиятлар фестивали” доирасида Ўзбекистонинг маданияти, санъати ва туризм салоҳиятини тарғиб этишди, деб хабар беради Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси.

Тадбирда ўзбек миллий таомлари ва қандолатчилик маҳсулотлари билан бир қаторда миллий либослар, рақс ҳамда қўшиқлар орқали Ўзбекистон ёшлар умумжаҳон ассоциациясининг Жанубий Кореядаги вакиллари томонидан корейс ҳамда бошқа чет эллик меҳмонларга Ўзбекистоннинг бой маданияти, санъати ва туризм салоҳияти тарғиб қилиниб, она юртимиз ва туризм соҳасида кузатилаётган ўзгаришлар ҳақида кўплаб маълумотлар тақдим этилди.

“Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан ҳамкорликда она ватанимизни дунёга танитиш, кореяликлар орасида юртимизнинг туризм салоҳиятини тарғиб қилиш борасида қатор ишларни амалга оширмоқдамиз. Сеул халқаро маданиятлар фестивали иштирокчилари Ўзбекистон ҳақида янада чуқурроқ таассуротга эга бўлишди. Фестивалга ташриф буюрган меҳмонларнинг Ўзбекистон ҳақида қизиқтирган саволларига жавоб бердик. Ўйлаймизки, уларнинг ватанимизга бўлган қизиқишлари янада ортди” – дейди ватандошимиз, Ўзбекистон ёшлар умумжаҳон ассоциациясининг Жанубий Кореядаги вакили Шохрух Жабборов.