Bosh-sahifa-kir

Шавкат Мирзиёев — Осиёнинг энг яхши сиёсатчиси​​

Штаб квартираси Сеулда жойлашган Осиё журналистлари ассоциацияси (ОЖА) Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни “2018 йил одами” деб эълон қилди.

Мамлакатимиз раҳбари сиёсий йўналиш бўйича ғолиб, деб эътироф этилган.
Бу ҳақда “Халқ сўзи” Жанубий Кореянинг “The Korea Times” нашрига асосланиб хабар бермоқда.
Қайд этилишича, ассоциация вакиллари Шавкат Мирзиёев 2016 йил декабрда Ўзбекистон Президенти лавозимига киришганидан то ҳозирги вақтгача инсон ҳуқуқларини таъминлаш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, очиқ сиёсат юритиш, шу жумладан, сиёсий маҳбусларни озод этишда юксак натижа кўрсатиб келаётганини таъкидлаган. Шу билан бирга Ўзбекистон раҳбари қўшни давлатлар билан фаол ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган ҳолда, Марказий Осиёда тинчлик-тотувликни асрашга катта ҳисса қўшмоқда.
Бошқа йўналишлар бўйича “LG Group” фахрий раиси Ку Бон Му, мисрлик таниқли кардиожарроҳ Маҳди Ҳабиб Ёқуб, футбол бўйича Вьетнам терма жамоаси мураббийи Пак Хан Со қайд этилган.
Ғолиблар номлари махсус ҳакамлар томонидан минтақанинг ҳар бир давлати вакиллари ва ассоциация аъзолари тавсиялари ҳамда баҳоларидан сўнг аниқланди. Хабар берилишича, тақдирлаш маросими 2019 йилнинг баҳорида ассоциация бош ассамблеясида бўлиб ўтиши кутилмоқда.​​

 

ЎзА