Версия для слабовидящих

2020 йил glavnaya Популярные новости

Шавкат Мирзиёев Қозоғистонга ташриф буюрди

Сариағашда Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг амалий учрашуви бўлиб ўтди.

25 сентябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистоннинг биринчи президенти — элбоши Нурсултон Назарбоевнинг амалий учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар қилди.

Учрашув Қозоғистон томонининг таклифига биноан Туркистон вилоятининг Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудидаги Сариағаш шаҳрида ўтказилди.

Икки мамлакат етакчилари Ўзбекистон-Қозоғистон стратегик шериклик муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилиб, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар.

Коронавирус инфекцияси глобал миқёсда тарқалишининг оқибатларини тез фурсатда енгиб ўтиш мақсадида ҳукуматлар даражасида яқиндан мувофиқлашув ва самарали ҳамкорликни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Икки томонлама савдо ҳажмини ошириш ва товар айирбошлашнинг ўзаро келишилган кўрсаткичларига эришиш учун қулай шароитлар шакллантиришни давом эттириш, қабул қилинган қўшма «Йўл харитаси» доирасида саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва транспорт соҳаларида кооперация бўйича устувор лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашиш, ҳудудлараро алоқалар ва гуманитар алмашинувларни қўллаб-қувватлаш муҳимлиги қайд этилди.

Шунингдек, минтақавий шерикликни, жумладан, 2019 йил ноябрь ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккинчи Маслаҳат учрашуви якунида эришилган келишувлар асосида илгари суриш масалаларига тўхталиб ўтилди.

Бундан ташқари, МДҲ доирасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг асосий йўналишлари кўриб чиқилди.

Суҳбат чоғида Шавкат Мирзиёев ва Нурсултон Назарбоев қардош Ўзбекистон ва Қозоғистон халқлари ўртасида яхши қўшничилик ришталари ва ҳар томонлама алоқаларни мустаҳкамлашда доимо қатъий эканликларини яна бир бор таъкидладилар.

Print Friendly, PDF & Email
loading