2020 йил glavnaya Янги Ўзбекистон

Синовли кунлар ортда қолади, савоб эса…

Бугун Тошкент вилоятининг барча ҳудудларида қизғин иш олиб бориляпти. Коронавирус пандемияси одамларни ташвиш ва саросимага туширгани йўқ.
Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, марказларда куну тун фаолият кўрсатаётган “Call center”ларга эҳтиёжманд инсонлардан буюртмалар қабул қилинмоқда. Кам таъминланган оилалар ижтимоий тармоқдаги Телеграм канали орқали ҳам ўз мурожаатларини йўлламоқдалар.
Зангиота туманида ҳам беморларни даволашга ихтисослашган махсус шифохона қурилиши давом этмоқда. 68 гектар майдонни эгаллаган, шифокорлар ва операцион бўлимлар учун алоҳида хоналар, шунингдек, туғруқ мажмуаси мавжуд касалхона 10 минг ўринга мўлжалланган. Касалхонани тез кунларда фойдаланишга топшириш кўзда тутилган.
Энг қувонарлиси, савоб ишлардан ҳеч ким четда қолишни истамаяпти. Имкони бор инсон хайрияга ўз ҳиссасини қўшишга ҳаракат қилмоқда. Айниқса, Қибрай туманинг “Нурафшон“ маҳалласида истиқомат қилувчи тадбиркор Азиз Сатторовнинг саховати қалбларимизни жунбишга келтирди. У Бўстонлиқ туманидаги 120 ўринли барча қулайликларга эга, замонавий хусусий дам олиш масканини хориждан келаётган юртдошларимизнинг карантин даврини ўтказиши учун бепул тақдим этди. Шу билан бирга, тадбиркор ушбу давр мобайнида карантиндаги фуқароларни озиқ-овқат билан тўлиқ таъминлашни ўз зиммасига олди.
photo_2020-04-07_14-19-57.jpg
Эл бошига иш тушса, инсонлар сараланади деган нақл бежиз айтилмаган. “Grand Pharm Trade” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги дорихоналар тармоғи жамоаси ҳам савобли ишдан четда қолгани йўқ. Тошкент вилоятининг барча шаҳар ва туманларидаги уй шароитида карантинда сақланаётган хонадонлар, кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар, Меҳрибонлик ҳамда Саховат уйлари ва болалар интернетларига хайрия сифатида 12 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонлар етказиб беришни бошлади.
Ҳозиргача бундай хайрия ёрдамлари масъулияти чекланган жамият томонидан икки марта амалга оширилди. Дастлаб 1000 та оилага эҳсон қутилари берилган бўлса, яқинда Оҳангарон шаҳридаги яна 1000 та турмуш шароити оғир оилалар ва ногиронлиги бор фуқароларга ёрдам кўрсатилди.
Битта хайрия қутисида озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонлар (5 кг ун, 3 кг шакар, 10 кг гуруч, 2 дона товуқ, 5 литр ёғ, 1 кг чой, 60 дона тухум, 5 кг макарон, 10 кг картошка, 5 кг пиёз, 5 кг сабзи, 2 пачка туз маҳсулотлари ва 18 турдаги дори-дармонлар) билан бирга, 250 минг сўм нақд пул ҳам бор.
Баҳор нафаси бутун борлиқни уйғотаётган шу кунларда вилоят аҳолисининг кайфияти яхши. Одамлар бир-бирига меҳрибон. Халқ бир кучга айланган, ҳамма қўни-қўшнисидан хабар олган. Қийналаётган, эътибордан четда қолаётган оила йўқ. Ҳамма Яратгандан синовли кунлар тезроқ қолишини сўраб, дуо қилмоқда.
photo_2020-04-07_14-19-58.jpg

 

447