2021 йил Bosh-sahifa-kir Танлов ва грантлар

“Сиз Ўзбекистон ва Япониянинг дўстлик алоқаларини биласизми?” мавзусида викторина

Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстилик алоқалари қўмитаси томонидан Тошкент давлат шарқшунослик университети билан ҳамкорликда жорий йилнинг 23 декабрь куни талаба ёшлар ўртасида “Сиз Ўзбекистон ва Япониянинг дўстлик алоқаларини биласизми?” мавзусида викторина ташкил этилди.

Викторинани ўтказишдан мақсад Ўзбекистон ва Япония мамлакатлари ўртасидаги кўп қиррали ижтимоий-сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-маърифий ҳамда дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, икки мамлакат дипломатик алоқаларини, ташқи сиёсат тарихи, қонунчилик ва япон тили бўйича ёшларнинг тўғри билим ва тафаккурини бойитишдан иборат.

Тадбирда “Ўзбекистон-Япония” дўстлик жамияти фаоллари, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Тошкент давлат юридик университети талаба ёшлари жамоалари ва  80 га яқин талаба ёшлар иштирок этди.

Тадбирни Қўмита раисининг хориждаги ватандошлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Зафарбек Аҳмедов кириш сўзи билан бошлаб, ўтган давр мобайнида Ўзбекистон ва Япония ўртасида дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган кўплаб тадбирлар ўтказилиб келинаётганлигини айтиб ўтди. Жумладан, “халқ дипломатияси” асосида Япониядаги ватандошларимиз билан мунтазам ва ўзаро фойдали муносабатларни йўлга қўйиш, улар билан дўстона муносабатларни ва маданий-маърифий алоқаларни мустаҳкамлаш борасида салмоқли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

Тошкент давлат шарқшунослик университети ректори Г.Рихсиева тадбир иштирокчилари ва меҳмонларни қутлаб, тадбир ёшларга мамлакатлар тарихи, маданияти ҳамда дўстлик алоқалари бўйича билим ва кўникмалари шаклланишида асосий воситалардан бири бўлиб хизмат қилишини айтиб ўтди ва университетларнинг талаба ёшлар жамоаларига муваффақиятлар тилади.

Ўзбекистон Республикасининг Япониядаги элчи маслаҳатчиси М.Джалилов икки мамлакат ўртасидаги алоқалар сиёсий, иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар каби кўплаб соҳаларда, жумладан, парламентаризм йўналишида ҳам изчил ривожланиб бораётганлигини, бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётганлигига алоҳида урғу бериб ўтди.

Шундан сўнг викторина ҳакамлар ҳайъати раиси Тошкент давлат шарқшунослик университети  вакили Н.Халмурзаева талабаларга омад тилаб биринчи шартнинг қоидалари билан таништириб ўтди.

Биринчи шартга кўра, жамоалар навбат билан Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги алоқаларга оид тақдимотларини намойиш этишди. Унда Ўзбекистоннинг Япония билан дипломатик, маданий, гуманитар алоқалари ҳамда Япониянинг қонунчилик соҳалари ёритиб берилди.

Иккинчи шартда талабалар Ўзбекистон ва Япония алоқаларига оид саволларга жавоб беришди. Бунда талабалар ўқиш давомида олган билимларини намойиш этиб мамлакатлар тарихини яхши билишларини исботлашди.

Мазкур лойиҳада ғолиб бўлган жамоалар диплом ва эсталик совғалар билан рағбатлантирилди.